Боғчага бораётган болалар сони 2,5 миллиондан ошди
Миллий статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган болалар сони тарихда илк бор 2,5 миллионлик довондан ошди. Ушбу тарихий кўрсаткич шуни англатадики, биргина 2024 йил якунлари билан қиёслаганда, боғчага бораётган ўғил-қизлар сони қисқа давр ичида 183,3 минг нафарга ёки 7,8 фоизга ошган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ушбу соҳага хусусий секторни фаол жалб этиш ва янги муассасаларни барпо этиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Мамлакатимиз бўйлаб боғчалар умумий сонининг 39 минг 283 тага етгани, айниқса, уларнинг қарийб 30 мингга яқини оилавий ва нодавлат боғчалар ҳиссасига тўғри келаётгани давлат ва хусусий сектор шериклиги тизими қисқа фурсатда ўзини тўла оқлаганидан далолат беради.
Шунингдек, бугунги кунда мактабгача таълим тизимидаги қамровнинг бу қадар тез суръатлар билан кенгайишида давлат ва хусусий сектор шериклиги, хусусан, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлди.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги жами 39 минг 283 та боғчанинг қарийб 75 фоизи, яъни 29 минг 196 таси айнан оилавий боғчалар ҳиссасига тўғри келади.

Мазкур тизимнинг йўлга қўйилиши қисқа муддат ичида икки томонлама юксак самара берди. Жумладан, йирик давлат боғчалари қуриш имконияти чекланган чекка ва олис қишлоқлар, маҳаллаларда болаларнинг боғчага бориш имконияти кескин ошди. Минглаб хотин-қизлар учун ўз хонадонида доимий иш ўринлари яратилиб, оилавий тадбиркорлик ривожланишига замин ҳозирланди.
Давлат томонидан субсидиялар ва имтиёзларнинг тизимли ажратилиши оилавий боғчаларнинг нафақат сони, балки кўрсатаётган таълим ва тарбия сифати жиҳатидан ҳам рақобатбардош муассасаларга айланишини таъминламоқда.
Боғча ёшидаги ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши таъминланар экан, демак, Ўзбекистон ўз олдига қўйган Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш йўлидан собитқадамлик билан илгарилаб бормоқда. Зеро, бугун боғча партасида ўтирган жажжи ўғил-қизлар — эртанги кунимизнинг асл бунёдкорлари.
Гулноза Бобоева,
ЎзА