Президент қарори – Қорақалпоғистон тараққиётининг янги босқичи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда кенг имкониятларни рўёбга чиқаришга қаратилган муҳим ҳужжатдир.
Қарорда 2027 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 108 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 107 фоизга, хизматлар ҳажмини 117 фоизга ошириш, экспортни 550 миллион АҚШ долларига, инвестицияларни эса 5 миллиард долларга етказиш каби улкан мақсадлар белгиланган. Бу вазифалар ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва тадбиркорлик учун янада кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Айниқса, даромади паст бўлган 125 мингта оиладаги 513 минг нафар аҳолини юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш, 20 минг нафар ёшни IT ва логистика йўналишларида ўқитиш вазифалари алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси инсонларнинг муносиб иш ва барқарор даромадга эга бўлиши, ёшларнинг келажакка ишончи мустаҳкамланишидир.
Шунингдек, Нукус шаҳрида 270 гектар майдонда 50 минг аҳолига мўлжалланган “Nukus City” мажмуасини барпо этиш, 17 минг гектар ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласига киритиш ҳамда Оролбўйида 50 минг гектар майдонда ўрмонзорлар яратиш бўйича белгиланган вазифалар ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг асосий мақсадлари ҳам инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва тенг имкониятларни таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис партиямизнинг ҳудудий ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ва бошланғич партия ташкилотлари қарорда белгиланган вазифалар ижросини жамоатчилик назорати асосида ўрганиш, аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиш ва мавжуд муаммолар ечимига кўмаклашишда фаол иштирок этади.
Ишончим комилки, мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши Қорақалпоғистоннинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади. Зеро, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий самараси, аввало, инсонлар ҳаётида ва уларнинг кундалик турмушида намоён бўлиши керак.
Нурлибай Қайпбергенов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.
ЎзА