“TRT TURKIYA” телеканали Хоразм санъатини тарғиб қилади
Хоразмда Туркиянинг етакчи телерадиокомпанияларидан бири бўлган “TRT TURKIYA” телеканали ижодий гуруҳи томонидан беш кун давомида "Bir Adım, Bin Avaz" кўрсатувининг навбатдаги сони қадимий Хива шаҳрида тасвирга олинди.
"Bir Adım, Bin Avaz" кўрсатуви турк дунёси ва турли халқларнинг маданияти, анъаналари, мусиқаси, рақси ва тарихий меросини ўрганувчи машҳур ҳужжатли теледастур бўлиб, кўрсатувни нафақат Туркияда, балки бутун дунёда севиб томоша қилишади.

Ушбу кўрсатувнинг навбатдаги сони Хоразмнинг бой тарихий-маданий мероси, миллий қадриятлари, бетакрор санъати ва анъаналарини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Тасвирга олиш жараёнлари давомида “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида Хоразмнинг дунёга машҳур "Лазги" рақси, миллий рақс санъати, анъанавий мусиқа ва миллий чолғу асбоблари намойиш этилди.

Шунингдек, Хоразм санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган, ушбу соҳада бой билим ва тажрибага эга фахрий ижодкорлар билан махсус интервьюлар ташкил этилди.

– Сўнги пайтларда турли давлатлардан ижодкорлар, олимлар келиб, санъатимиз ва унинг тарихи билан қизиқаётгани мени жуда хурсанд қилади, – дейди Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Санъат назарияси ва тарихи кафедраси профессори, Евросиё Рақс академиясининг фахрий академиги Гавҳар Матёқубова. – Туркиялик ижодкорлар билан “Лазги ва Авесто" музейида суҳбатлашдик. Уларга Хоразм воҳасининг бой номоддий маданий мероси, унинг тарихий-маданий илдизлари, шаклланиш ва ривожланиш жараёнлари, анъанавий ижрочилик санъати, халқ рақси, мусиқа мероси, ҳунармандчилик ҳамда маънавий-маданий анъаналари ҳақида гапириб бердим. Хусусан, Лазги санъатининг миллий маданиятдаги ўрни, Хоразм анъанавий мусиқа мероси ҳамда халқ рақс санъатининг тарихий ва замонавий талқинлари юзасидан ҳам ўз фикрларимизни билдирдик.

Туркий халқлар маданияти, этнография ва кинематография соҳасидаги мутахассислардан иборат профессионал ижодий гуруҳ вакилларига Хоразм вилоятининг бой туризм салоҳиятини кенг намойиш этиш мақсадида махсус медиа тур ҳам ташкил этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири