Тайёргарлик ва хавфсизлик чоралари ўрганилди
Энергия ресурсларидан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, куз-қиш мавсумини ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатларсиз ўтказиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилаётган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, энергетика ресурсларини тежаш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари, полковник С. Д. Мамаюсупов томонидан “Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги” доирасида Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги ижтимоий соҳа ва бошқа объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида кўп қаватли турар жой бинолари ҳамда турли объектлардаги иситиш тизимларининг ҳолати, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг созлиги, электр ва газ жиҳозларидан фойдаланиш тартиби, ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилинишига алоҳида эътибор қаратилди.


Зеро, қиш мавсумида иситиш воситаларидан фойдаланиш кўлами ортиши билан энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ҳам ортади. Бундай шароитда техник носозликлар, электр ва газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш нафақат моддий зарар, балки инсон ҳаёти ва саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун хавфсизлик чораларини мавсум бошланишидан олдин кўриш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, энергия ресурсларидан тежамкор ва хавфсиз фойдаланиш, ёнғин ҳамда бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Аниқланган масалалар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муҳандислик тармоқлари ва ускуналарнинг техник ҳолатини доимий назорат қилиб бориш зарурлиги таъкидланди.


Бундай ўрганиш ва профилактик тадбирлардан кўзланган асосий мақсад фақат мавсумга тайёргарликни текшириш эмас, балки ҳар бир хонадон, ҳар бир ташкилот ва объектда хавфсизлик маданиятини шакллантириш, инсон ҳаёти ва саломатлигини ишончли муҳофаза қилишдан иборат.
Зеро, куз-қиш мавсумининг беталафот ўтиши фақат тегишли ташкилотларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулияти ва огоҳлигига ҳам боғлиқ.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири