Устувор вазифалар белгилаб олинди
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдаги конгрессига тайёргарлик доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида ҳудудий конференциялар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлар Нукус шаҳри, Нукус ва Хўжайли туманларида бўлиб ўтди.
Уларда партия фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, бошланғич ташкилотлар аъзолари ҳамда турли соҳа вакиллари иштирок этди. Йиғилишларда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама этилди.
Конференциялар кун тартибидан партиянинг навбатдаги конгрессига делегатлар сайлаш масаласи ҳам ўрин олди. Бунда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, ташаббускорлиги ва амалий натижалари билан ажралиб турган тадбиркорлар, фермерлар, зиёлилар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар орасидан муносиб номзодларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, партиянинг янги сиёсий дастури лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, уни ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Бошланғич ташкилотлар фаоллигини ошириш, аҳоли билан мунтазам мулоқот олиб бориш, депутатлик корпуси имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирлар якунида илгари сурилган ташаббусларни умумлаштириш ва навбатдаги конгрессга делегатлар сайлаш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
[gallery-32697]
Мазкур конференциялар партиянинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини таҳлил қилиш, электорат билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда келгусидаги сиёсий дастурий вазифаларни белгилашда муҳим аҳамият касб этди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА