Журналистлар касбий этикаси кодекси лойиҳаси муҳокама қилинди
Қашқадарё вилоят журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Қарши давлат техника университетида “Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда вилоятда фаолият юритаётган бир гуруҳ журналистлар иштирок этди.
Тадбирда журналистика соҳасида касбий этика меъёрларини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситаларида масъулият, холислик ва касбий мустақиллик тамойилларига риоя этиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, кодекс лойиҳасида журналист фаолиятининг ишончлилик ва аниқлик, холислик, фактларни фикр-мулоҳазалардан ажратиш, инсон қадр-қиммати ва шахсий ҳаётига ҳурмат, манбалар махфийлиги ҳамда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик каби асосий тамойиллари ўз ифодасини топган.

Шунингдек, болалар ва алоҳида ҳимояга муҳтож шахслар иштирокидаги воқеаларни ёритиш, суд жараёнларида айбсизлик презумпциясига амал қилиш, нотўғри ахборотни ўз вақтида тузатиш, плагиат ва сохта маълумотлар тарқатишнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Муҳокама давомида рақамли муҳитда журналист масъулияти, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш меъёрлари ҳамда журналистларнинг касбий ва рақамли хавфсизлигини таъминлашга оид таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳада Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси ҳузурида Этика комиссиясини ташкил этиш, унинг шикоятларни кўриб чиқиш, ОАВ ва мурожаат этувчилар ўртасидаги низоларни ҳал этишга кўмаклашиш бўйича ваколатларини белгилаш ҳам назарда тутилган.
Тадбирда кодекс лойиҳаси ҳали якуний ҳужжат эмаслиги, уни такомиллаштиришда журналистлар ҳамжамиятининг фикр ва таклифлари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мазкур муҳокама журналистикада касбий масъулият ва этик меъёрларни мустаҳкамлаш, соҳада ўзини ўзи тартибга солиш механизмларини ривожлантириш борасидаги фикр алмашиш майдони бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири