Паррандачилик: янги технологиялар, инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари
Бугун Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистон паррандачиларининг IX халқаро форуми бўлиб ўтди.
«Паррандасаноат» уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда давлат идоралари вакиллари, халқаро экспертлар, маҳаллий ва хорижий компаниялар, инвесторлар ҳамда соҳа тадбиркорлари иштирок этди.
Форумда паррандачилик саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, наслчилик, генетика, инкубация, ветеринария, биологик хавфсизлик ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш каби йўналишларга эътибор қаратилди.
2019 йилдан буён ўтказиб келинаётган халқаро форум бугунги кунда соҳада тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишнинг муҳим майдонига айланган. Унда хорижий компаниялар иштирокининг йил сайин ортиб бораётгани ҳам тадбирнинг халқаро аҳамияти кенгайиб бораётганидан далолат беради.
[gallery-32718]
Тадбир доирасида «Паррандасаноат» уюшмасининг янги медиалойиҳаси — «POULTRY UZBEKISTAN» ихтисослашган соҳавий журнали ҳам тақдим этилди. Нашрда паррандачилик соҳасидаги илмий янгиликлар, илғор технологиялар, халқаро тажриба ва экспертлар таҳлилий материалларини ёритиш режалаштирилган.
Шунингдек, форум дастуридан соҳа ривожига ҳисса қўшаётган корхоналарни тақдирлаш ва ноёб ҳамда декоратив паррандалар кўргазмаси ҳам ўрин олди.
Таъкидлаш жоизки, форум маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро ҳамкорлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, янги инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим мулоқот майдони бўлди.
Ҳамроз Баёнов,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА