ОКМКда ишлаб чиқариш салоҳияти юксалмоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида "Саноат тараққиётининг янги босқичи: ОКМКнинг йирик инвестиция лойиҳалари" мавзусида пресс-тур ва очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, комбинатда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ва янги технологик ечимлар билан яқиндан танишди. Дастлаб журналистлар учун комбинатнинг истиқболли лойиҳалари, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва мавжуд минерал-хомашё базасидан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Шундан сўнг иштирокчилар 3-Мис бойитиш фабрикасида бўлиб, унинг ишлаб чиқариш жараёни, замонавий технологик имкониятлари ҳамда дастлабки натижаларини кўздан кечирди.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда комбинатни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Унда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш ва корхонанинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бу борада “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш ва янги бойитиш қувватларини барпо этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
– 2026 йил 16 март куни расман фаолиятини бошлаган 3-Мис бойитиш фабрикаси жаҳоннинг илғор технологиялари ва юқори сифатли стандартлари асосида барпо этилган, – дейди “Олмалиқ КМК” АЖ 3-Мис бойитиш фабрикаси бош муҳандис ўринбосари Шаҳзод Юлдашев. У йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш ва қарийб 900 минг тонна мис концентрати ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика нафақат Марказий Осиёдаги, балки жаҳондаги йирик мис бойитиш мажмуалари қаторида муносиб ўрин эгаллайди. Қуввати жиҳатидан у Перудаги “Cerro Verde” ва “Toromocho”, Чилидаги “Escondida”, “Los Pelambres” ҳамда “Collahuasi” каби йирик мис-молибден бойитиш корхоналари билан бир қаторда туради. Фабриканинг ишга туширилиши жаҳон бозорида мисга бўлган талаб ортиб бораётган бир шароитда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, валюта тушумларини кўпайтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва миллий иқтисодиётда мис кластерини ривожлантириш учун муҳим замин яратади.

Дастлабки ишлаб чиқариш натижалари ҳам янги мажмуа имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, 16 мартдан 3 ноябрга қадар фабрикада 10 миллион тонна маъдан қайта ишланиб, Мис эритиш заводига 160 минг тоннадан ортиқ мис концентрати етказиб берилди. Бу кўрсаткич фабрика фаолиятидаги илк йирик натижалардан бири бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич ўзлаштириш жараёни изчил давом этаётганини англатади.

Маъданни қайта ишлаш ҳажмининг ўсиш динамикаси ҳам эътиборга молик. Агар март ойида 661,5 минг тонна маъдан қайта ишланган бўлса, июнь ойига келиб бу кўрсаткич 1 миллион 161 минг 805 тоннага етди. Октябрь ойида эса 1,6 миллион тоннадан ортиқ маъдан қайта ишланди. Бу март ойидаги натижага нисбатан қарийб 2,5 баробар кўп демакдир. Айни вақтда фабрикадаги 12 та тегирмондан 11 таси тўлиқ ишлаб турибди. Қолган тегирмонда эса созлаш ва синов ишлари олиб борилмоқда.

Пресс-турнинг кейинги манзили комбинатнинг ўз кучи ва имкониятлари билан барпо этилган Ковулди олтин саралаш фабрикаси бўлди. Жорий йил 15 май куни фойдаланишга топширилган мазкур фабрика “Ковулди” ва “Қуйи-Кенжасой” конларидан қазиб олинадиган маъданларни қайта ишлашга ихтисослашган. Унинг йиллик қуввати 200 минг тонна хомашёдан қимматбаҳо металларни ажратиб олишга мўлжалланган.
Жараёнда Олтин саралаш фабрикаси бош муҳандиси Аҳмадхон Абдураҳимов бу ҳақда журналистларга маълумот берди. Хусусан, лойиҳа доирасида икки қаватли маъмурий-хўжалик биноси, ишчилар учун ошхона ва ювиниш хоналари барпо этилди. Ишлаб чиқариш жараёни учун зарур технологик ускуналар, жумладан, флотамашиналар, гидроциклонлар, тегирмонлар, классификаторлар, контакт чанлар ва қуюлтиргичлар ўрнатилди. Шунингдек, юк кўтариш қуввати 20, 5 ва 2 тонна бўлган кўприк кранлар монтаж қилинди, қўриқлаш хизмати ходимлари учун алоҳида бино қурилди.

Муҳими, фабрикада ўрнатилган ускуналар комбинатнинг Марказий таъмирлаш-механика заводи томонидан маҳаллийлаштириш дастури асосида тайёрланган. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, 151 та янги иш ўрни яратилди.
Пресс-турда намойиш этилган лойиҳалар ОКМКда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, маъданни чуқур қайта ишлаш, янги қувватларни ишга тушириш ва маҳаллийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўламини яққол намоён этди.

Маълумки, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг минерал-хомашё базаси “Қалмоққир”, “Сариқ-Чўққи”, “Ёшлик-1” очиқ конлари ҳамда тўртта ерости конидаги захираларга асосланган. Мавжуд ресурслар салоҳиятини аниқлаш ва кенгайтириш мақсадида захиралар JORC кодекси стандартлари асосида қайта баҳоланиб, конларнинг математик-геологик моделлари яратилган.
Мутахассисларнинг баҳосига кўра, “Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларининг бирлашиши натижасида дунёда маъдан таркибидаги олтин ҳажми бўйича энг йирик конлардан бири шаклланади. Комбинат захиралари маъдан таркибидаги олтин ҳажми бўйича жаҳонда биринчи, мис конларидаги маъданнинг ўртача олтин таркиби бўйича иккинчи, маъдан ҳажми бўйича учинчи, таркибидаги мис ҳажми бўйича эса олтинчи ўринда қайд этилган.
А.Мусаев,ЎзА