Ҳафталик самимий мулоқот ва фикр-мулоҳазаларга бой бўлмоқда
Сурхондарё вилоятида республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкор ташкилотлар билан “Маърифат ҳафталиги” тадбирларини ўтказмоқда.
Уч кун давомида энг тажрибали маърифатчилар Сариосиё, Узун, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон ва Термиз шаҳарларидаги мактаб ўқувчилари, таълим муассасалари талабалари, маҳалла аҳолиси, давлат ва ҳарбий хизматчилар даврасида бўлиб, қизиқарли учрашувлар, маҳорат дарслари ва маданий тадбирлар ташкил этади.
Кеча Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг Сариосиё тумани филиалида “Уйғоқ идрок” лойиҳаси асосида “Конституция – инсон қадри улуғланган эркин ҳаёт ва янги келажак пойдевори!” мавзуига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда талаба-ёшларга Бош Қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига берилган эътибор, миллий ва умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Ахборот маданияти, интернетдан оқилона фойдаланиш ва зарарли ғоявий таъсирларга танқидий ёндашиш хусусида фикр алмашилди. Бу мавзулар ижтимоий тармоқлардаги хабарларнинг манбасини текшириш, тарқатилаётган маълумотга танқидий баҳо бериш ва онлайн мулоқотда ўзаро ҳурматни сақлаш каби кундалик масалалар билан бевосита боғлиқлиги талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Узун туманидаги 23-умумтаълим мактабида “Истеъдодлар давраси” маҳорат дарсида санъат ва адабиётга қизиққан ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тажрибали устозлардан сабоқ олиши учун яратилган имкониятларга эътибор қаратилди.

Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг талабалар турар жойида ташкил этилган “Гулхан атрофида” адабий-бадиий оқшом истеъдодли йигит-қизларни адабиёт ва санъат атрофида бирлаштирди.
Бугун Деновдаги олий таълим муассасасида “Илм – келажак калити” лойиҳаси ва Конституциямиз мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув ўтказилди. Талабалар, магистрантлар ва илмий тадқиқотчилар билан замонавий илм-фан сирларини чуқур ўрганиш, таълим ва изланиш олиб бориш учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида юзма-юз мулоқот қилинди. Тумандаги ҳарбий қисмда офицер ва сержантлар учун “Ҳарбий хизматчининг маънавий қиёфаси ва касбий масъулият” мавзуидаги тренинг машғулотларида тинчлигимиз посбонларининг хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиш, жамоада касб одобига риоя этиш масалаларига, Шўрчи туманидаги 68-мактаб-интернатда “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида уюштирилган маърифий тадбирда инсон шаъни ва қадр-қимматини эъзозлаш, атрофдагиларга ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлиш ғояларига эътибор қаратилди. Қумқўрғон туманидаги 33-умумтаълим мактабида “Маҳалла билан юзма-юз” лойиҳасига мувофиқ нуронийлар, отинойилар, маҳалла фаоллари, ёшлар ва ёш оилалар вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди. Дил сўзлари тингланди.

Ҳафталик эртага Жарқўрғон тумани ҳокимлигида давлат хизматчилари учун “Уйғоқ идрок” лойиҳаси ва “Конституция – инсон қадри улуғланган эркин ҳаёт ва янги келажак пойдевори!” мавзуига бағишланган учрашув билан давом этади. “Яхшилик карвони” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олинади. Термиз шаҳридаги бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернатида “Истеъдодлар давраси” маҳорат дарси бўлиб ўтади. Дастурдан шунингдек, Сурхондарё вилояти футбол академияси ўқувчилари билан учрашув, Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий академик лицейида “Янги Ўзбекистон ёшлари – Ватан таянчи” лойиҳаси ҳам ўрин олган.

Таниқли олимлар, зиёлилар, ижодкор ва санъаткорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтаётган очиқ мулоқот ва бошқа маънавий тадбирлар қатнашчиларнинг Ватан равнақига қўшаётган ҳиссаси, ислоҳотларга муносабати ва жамият олдидаги масъулиятини кенг намоён этиб, миллий қадриятлар, ёшлар тарбияси, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини теран англаш ва Янги Ўзбекистонда ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири