Устозлар миллий форумининг туман босқичи юқори руҳда ўтди
Мирзаобод туманида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида фаолият олиб борувчи педагоглар учун “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остида тўртинчи Устозлар миллий форумининг туман босқичи юқори руҳда ташкил этилди.
Форум 2, 5, 22 ҳамда 35-умумтаълим мактабларида бўлиб ўтди ва унда жами 460 нафар фан ўқитувчилари иштирок этди. Педагоглар таълим тизимидаги сўнгги янгиликлар, замонавий педагогик технологиялар ҳамда илғор тажрибалар билан танишишди, шунингдек, ўз таълим жараёнларини янада самарали ташкил этиш учун улардан амалиётда қўллаш йўлларини муҳокама қилдилар.


Мирзаобод туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Дилшода Таниқулова форумнинг аҳамиятини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Устозлар миллий форуми нафақат педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, балки улар ўртасида тажриба алмашиш, замонавий педагогик технологиялардан самарали фойдаланишга қаратилган муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир педагогнинг билим ва кўникмаларини такомиллаштириш орқали таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга эришамиз.


Форум давомида педагоглар 2025–2026 ўқув йилида эришиш лозим бўлган мақсад ва вазифаларни белгилаб, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ўз таклифлари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, форумининг асосий мақсади — педагоглар ўртасида касбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни кенг тарқатиш ҳамда ҳар бир ўқитувчининг шахсий ва касбий ривожланиши учун имконият яратишдан иборат экани таъкидланди.
Форум нафақат педагоглар учун билим ва малака ошириш майдони бўлди, балки уларнинг ҳамкорликда фаолият олиб боришини мустаҳкамлайдиган муҳим платформага айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири