Яшил келажак бугундан бошланади
Боёвут туманида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 миллион 200 мингга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчати экиш режалаштирилган. Мавсум бошидан буён белгиланган режанинг 35 фоизи бажарилди. Олмазор маҳалласида ўтказилган навбатдаги оммавий акцияда эса мингдан ортиқ ниҳол ерга қадаб, туманнинг яшил қиёфасини бойитиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Эрта тонгдан бошланган хайрли ташаббусда туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда нуронийлар иштирок этишди. Қўлларида белкурак, дилларида эзгу ният билан майдонга чиққан иштирокчилар биргаликда кўчат экиб, атроф-муҳитни ободонлаштиришга ҳисса қўшдилар.

Бу жараёнда ҳар бир ниҳолга алоҳида меҳр билан ёндашилди. Ахир бугун тупроққа қадалган мўъжаз кўчат йиллар ўтиб, улкан дарахтга айланади. Унинг соясида болалар ўйнайди, йўловчилар ҳордиқ чиқаради, баҳорда гуллари, кузда эса мевалари одамларга қувонч бағишлайди. Демак, бугунги меҳнат нафақат бугун, балки келажак авлод фаровонлиги учун ҳам хизмат қилади.

Айни пайтда шундай тадбирлар туманнинг бошқа маҳаллалари, кўча ва йўл бўйларида ҳам давом этмоқда. Мевали ва манзарали дарахтлар экиш орқали яшил ҳудудларни кенгайтириш, аҳоли яшаш манзилларида соғлом экологик муҳитни шакллантириш кўзда тутилган.
Албатта, кўчат экиш — ишнинг бошланиши. Унинг тутиб кетиши, илдиз отиб, соғлом дарахтга айланиши эса кейинги парваришга боғлиқ. Шу боис кўчат турини танлашда ҳудуднинг тупроқ таркиби, шўрланиш даражаси, сув таъминоти ва иқлим шароитларини инобатга олиш муҳим. Айниқса, Сирдарёнинг ёз ойларидаги иссиқ ва қуруқ иқлими шароитида ниҳолларни ўз вақтида суғориш, тупроқ намлигини сақлаш ва мунтазам парваришлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Мевали дарахтлар келгусида ҳосил бериб, хонадонлар дастурхонига барака киритса, манзарали дарахтлар кўчаларга кўрк бағишлайди, ҳавонинг тозаланиши ва микроиқлим яхшиланишига хизмат қилади. Шу маънода, ҳар бир экилган кўчат табиатга қўшилган ҳисса, обод маҳалла ва фаровон ҳаёт сари ташланган қадамдир.

— «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар фақат белгиланган миқдорда кўчат экиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Асосий мақсад — ҳар бир ниҳолнинг тутиб кетиши, йиллар давомида соғлом дарахт бўлиб ўсиши учун зарур шароит яратиш. Бунинг учун маҳалла фаоллари, масъул ташкилотлар ва аҳоли ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши, экилган кўчатларни парваришлашга ҳам бирдек масъулият билан ёндашиши лозим. Зеро, бугунги ободонлаштириш ишларининг ҳақиқий натижаси эртага ҳудудларимизнинг яшил ва файзли қиёфасида намоён бўлади, — деди туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов.

Бир сўз билан айтганда, яшиллик фақат дарахтлар сони билан эмас, уларга кўрсатилган меҳр ва парвариш билан қадрли. Бугун экилган ҳар бир ниҳолга эътибор қаратилиб, уни асраб-авайлаш умумий масъулиятга айланса, йиллар ўтиб бугунги эзгу ташаббуснинг самараси янада яққол намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири