Мактаб ҳудуди кўкаламзорлаштирилди
Экологик вазиятни яхшилаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш борасидаги ишлар доирасида Оролбўйи халқаро инновация маркази ташаббуси билан Нукус тумани “Саманбай” овул фуқаролар йиғинида жойлашган 17-сонли умумтаълим мактаби ҳудудини кўкаламзорлаштириш акцияси ўтказилди.
Тадбир давомида мактаб ҳудудига 370 туп дарахт кўчати экилди. Ушбу ташаббус мактаб ҳудудини ободонлаштириш, атроф-муҳитнинг экологик ҳолатини яхшилаш, шунингдек, ўқувчиларнинг таълим олиши ва яшаши учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган. Бундан ташқари, марказ мутахассислари томонидан ўқитувчи ва ўқувчилар учун ёш дарахтларни етиштириш ва парвариш қилиш қоидаларига бағишланган тушунтириш суҳбати ўтказилди. Улар яшил майдонларни ўз вақтида суғориш, тўғри парвариш қилиш ва уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш муҳимлигини таъкидлаб, атроф-муҳитни асрашда ҳар бир инсоннинг ролини таъкидладилар.

Таълим муассасаларини кўкаламзорлаштириш алоҳида аҳамиятга эга: дарахтлар нафақат атроф-муҳитни кислород билан бойитади ва табиий соя яратади, балки мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар учун янада соғлом ва ёқимли муҳитни шакллантиради.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири