Ёшлар бандлиги ва хавфсиз миграция бўйича муҳим келишувга эришилди
Пойтахт ёшларини замонавий касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, шунингдек, уларнинг халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Хусусан, Миграция агентлигининг Тошкент шаҳар филиалида Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси, Тошкент шаҳар Касбий таълим бошқармаси ҳамда Миграция агентлиги филиали раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш, касбий кўникмаларини шакллантириш ҳамда хорижда қонуний иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган «2+6» дастури доирасида тузилган ушбу келишув учта муҳим тузилманинг саъй-ҳаракатларини ягона мақсад остида бирлаштиришга қаратилган.

Эндиликда томонлар ёшларнинг хорижий тилларни ўзлаштириш харажатларини давлат томонидан субсидиялаш, уларни халқаро стандартлар асосида касб-ҳунарга тайёрлаш ҳамда қонуний ва хавфсиз меҳнат миграцияси орқали хорижда юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш бўйича тизимли ҳамкорликни йўлга қўяди.

Меморандум доирасида ёшларни тил ўргатиш, касбга тайёрлаш, хорижда ишга жойлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ягона тизим йўлга қўйилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА