Ислоҳотлардан миллий юксалиш сари – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нафақат босиб ўтилган йўлни сарҳисоб қилиш, балки миллий тараққиётнинг келгуси йўналишларини белгилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, сўнгги ўн йилдаги туб ўзгаришлар, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, давлат бошқарувининг янгиланиши ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсат мамлакат тараққиётида янги босқични бошлаб берди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ана шу тарихий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ифодалаш билан бирга, мамлакатимизнинг келгуси тараққиёт стратегиясига доир муҳим ғоя ва ташаббусларини илгари сургани билан аҳамиятлидир. Давлат раҳбарининг «Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз», деган сўзлари бугунги Ўзбекистоннинг тараққиёт фалсафасини, халқимиздаги бунёдкорлик руҳини ва келажакка бўлган ишончини мужассам этади.
Мустақиллик — миллий ўзлик, иқтисодий эркинлик ва тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир. 1991 йилда давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши Ўзбекистонга ўз тараққиёт йўлини белгилаш, миллий давлатчиликни тиклаш ва миллий манфаатлар асосида сиёсат юритиш имконини берди. Дастлабки йилларда давлатчилик асосларини шакллантириш, миллий иқтисодиётни барпо этиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш устувор вазифа бўлган бўлса, кейинги босқичларда иқтисодий модернизация, инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга эътибор қаратилди. Айниқса, 2016 йилдан бошланган ислоҳотлар даврида давлат ва жамият муносабатларида очиқлик, иқтисодий эркинлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш орқали янги сиёсий-иқтисодий муҳит шаклланди.
Энг муҳими, давлат сиёсатида инсон манфаатлари, аҳоли муаммоларини жойларда ҳал этиш ва давлат идораларининг халққа хизмат қилиши устувор бўлди. «Инсон қадри учун\!» ғояси ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди. Бу ўзгаришлар аҳоли фаровонлиги, янги иш ўринлари, таълим ва тиббиёт имкониятлари, замонавий инфратузилма ҳамда иқтисодий фаолликнинг кенгайишида намоён бўлмоқда.
Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиётида юз берган ўзгаришлар мамлакатнинг тараққиёт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди. Илгари иқтисодий фаолиятнинг кўплаб соҳаларида маъмурий чекловлар ва сунъий тўсиқлар устунлик қилган бўлса, бугун хусусий ташаббус, инвестициявий фаоллик, рақобат ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 1 849,7 триллион сўмни ташкил этди. Иқтисодиётнинг реал ўсиш суръати 7,7 фоизга етди. Шунингдек, 2025 йилда саноат ишлаб чиқариши 6,8 фоизга, қурилиш ишлари 14,2 фоизга, бозор хизматлари 14,7 фоизга ўсди. Бу кўрсаткичлар иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши ва ишлаб чиқариш имкониятларининг ортиб бораётганини кўрсатади.
Президентнинг 2026 йил 28 августдаги нутқида таъкидланганидек, илгари мамлакат иқтисодиётига йилига 2–3 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 40–50 миллиард долларга етди. Бу жараён нафақат молиявий ресурслар оқимининг кўпайиши, балки замонавий технологиялар, бошқарув тажрибаси, янги ишлаб чиқариш маданияти ва халқаро иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига ҳам хизмат қилмоқда. Бироқ иқтисодий тараққиётнинг янги босқичида асосий вазифа фақат инвестиция ҳажмини оширишдан иборат эмас. Энг муҳим масала — жалб этилаётган сармояларнинг технологик самарадорлиги, маҳаллий ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат улуши, экспорт салоҳияти ва аҳоли бандлигига таъсирини кучайтиришдир.
Шу маънода, давлат раҳбари томонидан келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш ва саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифаларининг белгиланиши иқтисодий сиёсатда сифат жиҳатидан янги босқич бошланаётганини англатади. Бу мақсадларга эришиш учун саноатни диверсификация қилиш, қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, транспорт-логистика тизимини модернизация қилиш ва ҳудудларнинг рақобат устунликларини тўлиқ ишга солиш талаб этилади.
Ҳар қандай давлатнинг барқарор тараққиёти, аввало, унинг инсон капиталига, яъни аҳолининг билим даражаси, касбий маҳорати, интеллектуал салоҳияти ва ижодий имкониятларига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшларнинг билим олиши ва касб эгаллаши учун шарт-шароитларни кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Мактабгача таълим қамровининг 78 фоизга етказилиши, мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилиши, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғининг кенгайиши таълим тизимидаги муҳим ўзгаришлардир.
Олий таълим соҳасида муассасалар сони ва қабул имкониятлари кенгайиб, хусусий ҳамда хорижий олий таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди, уларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этди. Бироқ бугунги глобал рақобат шароитида асосий вазифа таълим сифатини ошириш, илмий салоҳият ва амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлашдан иборат.
Президент нутқида келгуси йилларда камида 10 та университетни дунёнинг энг яхши 1000 та олий таълим муассасаси қаторига киритиш вазифасининг белгиланиши ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Бунинг учун олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарур. Университетлар фақат назарий билим берувчи муассасалар эмас, балки илмий ишланмалар яратиладиган, инновацион ғоялар ишлаб чиқиладиган ва иқтисодиёт тармоқларининг технологик муаммоларига ечим таклиф этадиган марказларга айланиши лозим. Айниқса, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, биотехнология, робототехника, геоинформацион технологиялар ва муҳандислик йўналишларида кадрлар тайёрлаш стратегик аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, давлат раҳбарининг «Ўзбек тили — рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим», деган фикри ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бу нафақат тилни асраб-авайлаш, балки миллий илмий мактаб, рақамли контент, сунъий интеллект ва замонавий билимлар тизимида ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш вазифасидир.
Ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлади. Шу маънода, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Президент нутқида келтирилган маълумотларга кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилди. Бу кўрсаткич ортида миллионлаб инсонларнинг меҳнат фаоллиги, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва оилавий даромадларининг ортиши каби жараёнлар мужассам.
«Маҳаллабай» ишлаш тизимининг йўлга қўйилиши ижтимоий сиёсатнинг аҳолига яқинлашишига хизмат қилди. Эндиликда оилаларнинг иқтисодий аҳволи, касбий имкониятлари, фарзандларининг таълими ва ижтимоий эҳтиёжлари маҳалла даражасида ўрганилиб, уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, 650 мингдан зиёд оиланинг замонавий уй-жойга эга бўлгани, минглаб маҳаллаларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг янгиланиши аҳоли турмуш сифатини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Эндиги вазифа камбағалликни фақат моддий ёрдам бериш орқали эмас, балки барқарор иш ўринлари, сифатли таълим, касбий малака, тадбиркорлик ва иқтисодий мустақилликни таъминлаш орқали қисқартиришдан иборат бўлиши керак.
Мамлакат тараққиётини фақат пойтахт ёки йирик шаҳарлар мисолида баҳолаш тўғри эмас. Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, улар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий тафовутларни камайтириш миллий тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ўзбекистоннинг табиий-географик ўрни, меҳнат ресурслари, қишлоқ хўжалиги имкониятлари, минерал-хомашё захиралари, транспорт-логистика салоҳияти ва тарихий-маданий мероси ҳудудий ривожланиш учун катта имкониятлар яратади. Хусусан, Жанубий Ўзбекистон — Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг иқтисодий-географик имкониятлари мамлакатнинг умумий тараққиётида муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу ҳудудлар қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, қайта ишлаш саноати ва туризмни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга.
Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегарадошлиги, Термиз халқаро транспорт-логистика маркази, автомобиль ва темир йўл тармоқлари, халқаро савдо йўлакларига чиқиш имкониятлари унинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликдаги аҳамиятини оширади. Қашқадарё вилояти эса ёқилғи-энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш тармоқлари билан мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Бироқ мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш учун ҳудудларда хомашёни дастлабки ҳолда сотишдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш, маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, илмий муассасаларнинг ҳудудий иқтисодиёт билан ҳамкорлигини кучайтириш зарур. Президент нутқида илгари сурилган маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш ташаббуси ҳам ҳудудий бошқарувда муҳим бурилиш ясаши мумкин. Чунки маҳаллий бюджет, инвестиция дастурлари ва инфратузилма лойиҳаларини аҳоли эҳтиёжлари асосида шакллантириш ҳудудий ривожланишнинг самарадорлигини оширади.
Бугунги глобал иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, ерларнинг шўрланиши, чўлланиш ва биологик хилма-хилликнинг камайиши Ўзбекистон учун ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Айниқса, сув ресурсларига боғлиқ қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимизда сувдан оқилона фойдаланишни стратегик вазифага айлантиради. Шу сабабли Президент нутқида тўртинчи миллий дастурнинг сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга йўналтирилгани бежиз эмас. Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш, «Яшил макон» умуммиллий ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш ва шаҳар ҳамда туман марказларида яшил ҳудудлар кўламини 30 фоизга етказиш вазифалари экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.
Эндиликда экологик барқарорликни фақат дарахт экиш ёки ободонлаштириш ишлари билан чеклаб бўлмайди. Сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик маданиятни юксалтириш ҳам умуммиллий вазифага айланиши лозим. Бу жараёнда илм-фан ва замонавий технологияларнинг ўрни беқиёс. Географик ахборот тизимлари, масофадан зондлаш, сунъий йўлдош маълумотлари ва рақамли мониторинг орқали табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган нутқида илгари сурилган етти миллий дастур мамлакат тараққиётининг келгуси ўн йилликдаги устувор йўналишларини белгилаб берди: биринчидан, билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш — бу таълим тизимининг барча босқичларини модернизация қилиш, халқаро стандартларни жорий этиш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашни талаб этади; иккинчидан, аҳоли саломатлиги ва узоқ умр кўришини таъминлаш — профилактик тиббиёт, давлат тиббий суғуртаси, замонавий диагностика, фармацевтика ва биотехнология соҳаларини ривожлантириш инсон капиталининг сифатини оширишга хизмат қилади; учинчидан, иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш — бунда саноатни технологик янгилаш, инвестицияларни кўпайтириш, стартап ва венчур молиялаштириш тизимини ривожлантириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга; тўртинчидан, сув ва табиатга муносабатни ўзгартириш — бу экологик хавфсизлик, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришни назарда тутади; бешинчидан, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш — қонунийлик, адолат, фуқаролар ҳуқуқлари ва тадбиркорлик кафолатлари иқтисодий ҳамда ижтимоий тараққиётнинг мустаҳкам институционал асосидир; олтинчидан, маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш — бу давлат бошқарувини аҳоли эҳтиёжларига яқинлаштириш, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудий ривожланишда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади; еттинчидан, Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри сифатидаги халқаро нуфузини ошириш — Марказий Осиёда яхши қўшничилик, минтақавий ҳамкорлик, иқтисодий дипломатия ва халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш мамлакатимизнинг глобал жараёнлардаги ўрнини кучайтиради.
Ушбу дастурлар бир-биридан ажралган вазифалар эмас, балки ягона тараққиёт тизимининг ўзаро боғлиқ йўналишларидир. Масалан, сифатли таълим юқори малакали мутахассисларни тайёрлайди, улар эса инновацион иқтисодиётнинг ривожланишига хизмат қилади. Иқтисодий ўсиш аҳоли даромадларини оширади, ижтимоий фаровонлик эса таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш учун янги имкониятлар яратади. Қонун устуворлиги ва самарали маҳаллий бошқарув эса барча ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлайди.
Шу маънода, мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган Президент нутқидаги илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар оддий келгуси режалар мажмуи эмас. Улар мамлакатнинг янги тарихий тараққиёт босқичига ўтишини англатадиган стратегик йўналишлардир. Энг муҳими, бу юксалишнинг ҳақиқий ижодкори халқнинг ўзи бўлиши керак. Ҳар бир фуқаронинг билим олиши, ҳалол меҳнат қилиши, касб эгаллаши, ташаббус кўрсатиши ва жамият тараққиётига ҳисса қўшиши умуммиллий мақсадларга эришишнинг энг ишончли кафолатидир.
Президент нутқидаги «Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!» деган ғоя ана шу тарихий масъулиятни яна бир бор эслатади. Зеро, мустақилликнинг ҳақиқий қадри — эркин фикрлайдиган, билимли, соғлом, ташаббускор ва фаровон инсонлар яшайдиган жамиятни барпо этишда намоён бўлади. Ўзбекистоннинг келгуси ўн йиллиги ана шу мақсадлар йўлидаги янги синовлар, янги имкониятлар ва янги ғалабалар даври бўлиши шубҳасиз. Бу йўлда халқ ва давлат бирлиги, илм-фан ва инновация, адолат ва меҳнат, тинчлик ва ҳамкорлик энг муҳим таянчларимиз бўлиб қолади.
Ўткир ЯКУБОВ,
география фанлари номзоди;
Термиз давлат педагогика институти
Тарих ва география кафедраси профессори.
ЎзА