Украинада демографик инқироз: уруш узоқ муддатли камайишни тезлаштирмоқда
Кенг кўламли уруш Украина демографик муаммосини сезиларли даражада кучайтирди. Аслида бу масала 2022 йилдан анча олдин пайдо бўлган.
Польша Шарқий Европа тадқиқотлари маркази (OSW) маълумотига кўра, 2024 йил Киев назоратидаги ҳудудда тахминан 32,6 миллион киши яшаган, умуман жами кўрсаткич 28-35 миллион атрофида экани тахмин қилинган. Охирги тўлиқ рўйхатга олиш 2001 йил ўтказилган: ўшанда аҳоли сони 48,5 миллионни ташкил этганди.
Асосий муаммолардан бири туғилиш даражаси кескин пасайиши билан боғлиқ. 2024 йил мамлакатда 176 679 бола дунёга келди: умумий туғилиш даражаси ҳар бир аёлга тахминан 0,9 фарзанд. Бу табиий аҳолини алмаштириш учун зарур 2,1 нисбатга қараганда кам.
Инсон йўқотилиши ва оммавий миграция ҳам босимни кучайтирмоқда. “Евростат” маълумотига кўра, тахминан 6,3 миллион украиналик ЕИ мамлакатларида вақтинча бошпана топган, камида 936 000 ҳарбий ёшдаги эркаклар ҳам Европа мамлакатларида.
ЖССТ ҳисоб-китобига кўра, уруш туфайли тахминан 10 миллион одам руҳий ёрдамга муҳтож. Украина Миллий фанлар академияси фаразига кўра, мамлакат аҳолиси 2030 йилга келиб 24-32 миллионгача камайиши мумкин.
OSW тадқиқоти муаллифлари таъкидлаганидек, Украинанинг урушдан кейинги тикланиши учун асосий шартлардан бири юртни тарк этганларнинг бир қисмини қайтаришдир. Шунингдек, туғилиш даражасини мувофиқлаштириш ва меҳнат бозорини қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли демографик сиёсатни амалга ошириш зарур.
С.Раҳимов, ЎзА