Татаристонда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари жасадлари олиб келинди
Россиянинг Татаристон Республикасида дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 8 нафар Ўзбекистон фуқароси жасади 12 август куни махсус авиарейс орқали Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 10 август куни Нижнекамск шаҳридаги бир неча манзилга дрон орқали ҳужум қилинган. Ҳодиса оқибатида қурилиш корхонасида ишлаган 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Бир неча ҳамюртимиз турли даражада тан жароҳати билан шифохонага жойлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига мувофиқ, мазкур ҳолат оқибатини бартараф этиш, ҳалок бўлган фуқаролар жасадини Ватанга олиб келиш, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ҳукумат комиссияси ташкил этилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА