Германия 2022 йилдан бери 400 россияликни мамлакатдан чиқариб юборган
2022 йил февраль ойидан буён Германия 80 дан зиёд рус дипломатини юртига қайтарган. “Bild” газетаси хабар беришича, уларнинг аксари дипломат ниқобидаги агентлар экан.
ГФР Ташқи ишлар вазирлиги уруш бошлангандан бери Россия элчихонаси ходимлари сезиларли даражада қисқартирилганини маълум қилди. Дипломатик ходимлардан ташқари яна 313 нафар РФ фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилган.
Вазирлик ушбу рўйхатдаги дипломатик мақомга эга россияликлар разведка фаолияти билан боғлиқ шахслар эканини таъкидлаган. Уларнинг аксари дипломатик ҳимоя остида ишлаган. Таъкидланишича, охирги шундай воқеа январь ойида содир бўлган.
Ҳозир Германиянинг уч ҳудудида рус дипломатик ваколатхонаси мавжуд: Берлинда элчихона, Боннда бош консуллик ва Нюрнбергда фахрий консуллик.
С.Раҳимов, ЎзА