TXTY-2026: Иккинчи кун қандай келишувларга эришилди?
Туризмни ривожлантириш фақат янги сайёҳлик йўналишлари очиш билан чекланмайди. Бунинг учун кино саноати, авиация, тиббиёт, маданий мерос, ишбилармонлик каби турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам муҳим. Тошкентда ўтаётган “Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ва биринчи халқаро инвестиция форумининг иккинчи кунида айни йўналишларда қатор учрашув ва тақдимотлар ўтказилди, келишувлар расмийлаштирилди.

31-Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг расмий очилиш маросимида Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов, БМТ Туризм ташкилотининг Европа бўйича минтақавий директори Кордула Волмутер, дипломатик корпус ва халқаро делегациялар вакиллари иштирок этди. Ярмаркада Ўзбекистоннинг барча 14 ҳудуди ҳамда қатор хорижий мамлакатлар сайёҳлик салоҳияти намоён бўлган.

Кейинги йилларда Ўзбекистон кино орқали ҳам сайёҳларни ўзига жалб этишга интиляпти. Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Голливуд продюсери Ларри Касанофф билан учрашиб, кино саноати орқали соҳани янада ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзолади. Томонлар мамлакатимизнинг тарихи, маданияти ва табиий манзараларини йирик лойиҳалар ёрдамида дунё томошабинларига ҳавола қилиш имкониятини муҳокама қилди. Касанофф “Кино ва туризм: янги туристик манзилларни яратиш” сессиясида ҳам иштирок этди.

Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорликни йўлга қўйди. Ўзаро имзоланган ҳужжат хорижий сайёҳларни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасига жалб этишни назарда тутган. Келишувга мувофиқ, ушбу масканларга хорижликларни олиб келувчи лицензияли туроператорларга кириш чиптаси учун 15 фоиз чегирма берилади. Чипта нархи ўзгариши ҳақида камида беш ой олдин хабар берилади, тузилган шартномадаги нарх ҳужжат амал қилиши муддати давомида сақланади.

Авиация бозорини очиш ва янги йўналишларни кўпайтириш масаласи ҳам кун тартибига чиқди. “Uzbekistan Airports, Aviation & Logistics Forum” доирасида халқаро ҳаво қатнови йўналишларини кўпайтириш, миллий ва хорижий компаниялар учун тенг шароит яратиш, бозорга янги ташувчиларни жалб қилиш мавзулари муҳокама қилинди. Мутасаддилар авиация ва туризм соҳалари ҳамкорлиги сайёҳлар оқимини тезлаштиришнинг муҳим омили эканини эътироф этишди.

Тиббий туризмда хорижий беморлар географиясини кенгайтириш зарурати қайд этилди. “Тиббий ва соғломлаштириш туризми: халқаро бозорга интеграция ва хизмат сифатини яхшилаш” мавзусидаги IV халқаро конференцияда даволаниш учун юртимизга келаётганларнинг қарийб 94 фоизи Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келиши маълум қилинди. Муҳокама чоғи янги бозорларни ўзлаштириш, тиббий хизматни халқаро талабга мослаштириш ва беморлар хавфсизлигини таъминлаш масалалари кўтарилди. “Medguide.uz” портали ҳамда мамлакатимиздаги хусусий клиникалар каталоги тақдим этилди.

Барқарор туризмнинг иқтисодий ва инвестициявий жиҳатлари бўйича алоҳида шўъба йиғилиши уюштирилди. Соҳа ривожига оид иқтисодий таҳлил, давлат сиёсати ва сармоянинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш йўллари кўриб чиқилган мунозарада маҳаллий ва хорижий экспертлар, жумладан Ўзбекистон ва Япония вакиллари қатнашди.

Ўзбекистоннинг халқаро ишбилармонлик тадбирлари бозоридаги ўрни эътироф этилди. Туризм қўмитаси билан Халқаро конгресслар ва конвенциялар ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган “ICCA Business Events Forum” 80 нафардан зиёд иштирокчини бирлаштирди. Улар орасида 30 га яқин хорижий делегат бор эди. Тадбир давомида мамлакатимизнинг халқаро анжуман ва бизнес тадбирлари ўтказиш имконияти юқори баҳоланди.

Ўзбекистон ва Беларусь туризм соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишни режалаштирмоқда. Икки мамлакат туризм идоралари ва авиакомпаниялари вакиллари иштирокида ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда 2027-2028 йилларга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

“Etno Games” фестивалида миллий спорт турлари ва анъаналар намойиш этилди. Дастурдан Турон якка кураши, белбоғли кураш, миллий кураш, тош кўтариш, Ўзбек жанг санъати ва “Қуш ови” намойиши ўрин олган. Театр ва фольклор чиқишлари, амалий машғулотлар ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.
Шу тариқа, Тошкент форумида соҳадаги ҳамкорлик доираси анъанавий йўналишлардан анча кенгайди. Янги лойиҳалар орқали мамлакатни тарғиб этиш, тиббий хизмат бозорига янада кўпроқ сайёҳлар жалб қилиш ва маданий мерос масканларига ташрифларни рағбатлантириш бўйича амалий қадамлар ташланди.
Мусулмон Зиё,
ЎзА