Кам ҳақ тўланган меҳнат ҳақи ундирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Ибадулла Даулетбаевнинг “Бўзатов” давлат ўрмон хўжалиги томонидан 2025 йил октябрь ойида ўқиш муносабати билан берилган таътил даврида ойлик иш ҳақи кам тўланганлигидан норози бўлиб йўллаган шикоят аризаси ўрганилди.
— Аниқланишича, фуқаро И.Давлетбаев туман давлат ўрмон хўжалигининг 2011 йил 5 октябрдаги буйруғи билан “Наупир” ўрмон хўжалигига ўт ўчирувчи қоровул бўлиб ишга қабул қилинган, — дейди Бозатов тумани адлия бўлими бошлиғи Казбек Палуаниязов. — Бугунги кунда давлат ўрмон хўжалигининг ўрмон инспектори лавозимида ишлаб келмоқда.
Шунингдек,, у иш билан бирга Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Ўрмончилик таълими” йўналишининг 4-курс сиртқи шаклида таълим олмоқда. Яъни, фуқаро И.Давлетбаевга хўжалик директорининг 2025 йил 23 октябрдаги буйруғи билан 20 октябрдан 15 ноябргача ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътили берилган. Ишга тушиш вақти 2025 йил 17 ноябрь куни этиб белгиланган.
Бироқ, давлат ўрмон хўжалиги томонидан И.Давлетбоевнинг ўқишда бўлган даврида, яъни 2025 йил ноябрь ойида ойлик иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақидан эмас, балки асосий (оклад) иш ҳақи миқдорида тўлаб келиниб, унинг меҳнат ҳуқуқининг бузилишига олиб келганлиги аниқланди. Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан, фуқаро И.Давлетбоевнинг манфаатини кўзлаб хўжалик директори номига тақдимнома киритилди. Натижада кам тўлаб келинган 2 миллион 380 минг сўм меҳнат ҳақи ундириб берилди.
Шунингдек, тумандаги 2-сон техникумда фаррош вазифасида ишловчи Саулехан Тажимуратованинг иш жойида қўшимча штат бирлиги мавжуд бўлса-да, иш берувчи томонидан қўшимча штат бирлиги берилмаётганлигидан норози бўлиб йўллаган шикоят аризаси кўриб чиқилди.
Аниқланишича, фуқаро С.Тажимуратова мазкур техникумда 0,75 штат бирлигида фаррош вазифасида ишлаётгани маълум бўлди. Мурожаатни ўрганиш жараёнида, иш берувчи бўш турган 0,25 штат бирлиги мурожаат муаллифи томонидан оғзаки сўралганига қарамасдан берилмаганлиги аниқланди.
Мурожаат эгасининг манфаатини кўзлаб техникум директори номига тақдимнома киритилди. Натижада фуқаро С.Тажимуратованинг 0,75 штат бирлиги 1 штат бирлигига ўзгартирилиши таъминланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири