Тошкентда ноқонуний ташкил этилган Call-марказ марказлари фаолиятига чек қўйилди
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида пойтахтимиздаги хорижий фуқаролар томонидан ноқонуний ташкил этилган иккита Call-марказ фаолиятига чек қўйилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари фуқаролари томонидан ташкил этилган мазкур марказларда жами 122 нафар чет эллик аниқланди.
Тадбир давомида улардан 18,5 минг АҚШ доллари ва 116,5 миллион сўм нақд пул, шунингдек, 67 та ноутбук, 569 та уяли алоқа воситаси, 6 та Wi-Fi қурилмаси, 3 та сунъий йўлдош алоқа қурилмаси, 5 та компьютер, 3 та планшет ҳамда хорижий давлатлар мобил операторларига тегишли 1000 дан ортиқ SIM-карта ашёвий далил сифатида олинди.
Аниқланишича, мазкур шахслар Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида оммалашган онлайн-платформалар орқали фирибгарлик схемаларини амалга ошириб келган. Хусусан, улар турли вирусли ҳаволаларни юбориш орқали хорижий давлатлар фуқароларининг пул маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланган.
Шунингдек, текширувлар давомида ушбу гуруҳ томонидан жами 64 895 USDT миқдоридаги криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси амалга оширилгани ҳам маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА