“Жадидлар изидан” танловининг ҳудудий босқичи ғолиблари аниқланди
Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабида “Жадидлар изидан” республика танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ўртасида жадид маърифатпарварларининг бой илмий, адабий ва маънавий меросини кенг тарғиб этиш, ўқувчиларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган мазкур танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 20 минг нафардан зиёд ўқувчи иштирок этди.
Ҳудудий босқичда давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг қуйи босқичларда ғолибликни қўлга киритган 6–8 ҳамда 9–10-синф ўқувчилари икки тоифада ўзаро беллашди.
Иштирокчилар бошқотирмаларни ечиш, асар таҳлили ва иншо ёзиш шартлари бўйича ўз билим ва иқтидорини намоён этди. Уларнинг натижалари 100 баллик тизим асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, Нукус шаҳридаги 32-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Гўзалой Содиқова ҳамда Нукус туманидаги 22-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Гўзал Дошбаева ўз тоифасида биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, статуэтка ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-32769]
Мазкур танлов ёш авлоднинг жадидчилик ҳаракати тарихи ва маърифатпарвар аждодларимиз меросига қизиқишини ошириш, мустақил ва таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА