Тошкентда Ўзбекистон-Татаристон ҳунармандчилик келишуви имзоланди
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Татаристон Республикаси ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар юқори босқичга кўтарилмоқда. Икки халқни умумий маданий илдизлар, тарихий қадриятлар ва асрлар давомида шаклланган дўстлик ришталари чамбарчас боғлаб туради. Ана шундай маънавий кўприклардан бири, шубҳасиз, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилигидир.
Глобаллашув шиддат олган ҳозирги даврда миллий ўзликни, ноёб анъаналарни сақлаб қолиш ва уларни келажак авлодга безавол етказиш ҳар икки томон учун ҳам долзарб вазифалардан бирига айланган.
Шунга кўра, пойтахтимизда Республика «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов ҳамда Татаристон Республикаси делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида ҳунармандчилик соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, икки мамлакат ҳунармандлари ўртасида учрашувлар ташкил этиш, ёшлар учун маҳорат дарсларини ўтказиш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар ўзаро тажриба алмашиш, ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашди. Учрашув якунида томонлар ўртасида ҳунармандчилик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.

Қайд этилганидек, мазкур келишув икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, миллий ҳунармандчиликни халқаро миқёсда тарғиб этиш ва бой маданий меросни келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА