Ўйнасанг ҳам ўйлаб гапир
Ижтимоий тармоқларга бир назар
Бугунги кунда кўпчилик газета, китоб ўқимаслиги, телевизор кўрмаслиги ёки радио эшитмаслиги мумкиндир, аммо улар албатта ижтимоий тармоқларни кузатиб боришади. Чунки ҳозир қарийб барчанинг қўлида мобил телефон бор.
Бир пайтлар одамлар автобус, метро ва таксиларда кундалик газета, журнал ёки китобларни ўқишган бўлишса, айни пайтда 90 фоиз йўловчилар мобил телефонларини кузатиш билан банд.
Ҳозир жуда кўп юртдошларимиз фейсбуг, инстаграм, ютуб каналларига ўз “пост”ларини қўйиб боришади ёки қўйилган постларга “шарҳ” лар ёзишади. Камина ҳам бир неча йиллардан буён ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб бораман. Ўзим ҳам асосан фейсбуг каналига ўз шеърларим ва мақолаларим билан қатнашиб тураман.
Фейсбугдаги шеър, ҳикоя (баъзан қисса ва романларга ҳам кўзим тушиб қолади), мақола, луқма ва шарҳларни имкон даражасида ўқиб бораман.

Мени кўпинча пост қўювчиларнинг айримлари грамматик хатоларга йўл қўйишлари ташвишлантиради. Ҳатто уларнинг орасида таниқли шоир, ёзувчи ҳамда журналистлар ҳам бор. Тўғри, улар бу хатоларга грамматикани билмасликларидан эмас, балки шошма-шошарлик туфайли йўл қўйган бўлишлари мумкин. Лекин уларнинг ёзганларини икки-учта эмас, минглаб одамлар ўқийди. Биринчидан, бу хатолар туфайли муаллиф кўпчилик ичида ўз обрўсига путур етказса, иккинчидан, улар тармоқ кузатувчиларига, қолаверса, она тилимизга нисбатан ҳурматсизлик қилган бўлишади. Учинчидан эса, кўпчилик бундан ранжийди, кайфиятлари бузилади. Шунинг учун каналга пост қўйганларида иштирокчилардан масъулиятли ва эътиборли бўлиш талаб этилади.
Бундан ташқари, баъзилар ҳали пишиб, маромига етмаган шеър, ҳикоя ва мақолаларини каналга қўйишади. Бу билан улар канал ўқувчиларининг меҳр, эътиборига сазовор бўлиш ўрнига, уларнинг ихлосларини қайтариб қўйганларини билмай қолишади. Буни халқимизнинг “онангни отангга бепардоз кўрсатма” деган нақли ҳам исботлаб турибди. Аммо шу савиясиз постларга ҳам кўплаб босилган лайк, мақтаб ёзилган шарҳларни кўриб, юракда оғриқ туради.
Канал иштирокчиларининг айримлари эса гоҳида уят, андишани ҳам унутиб қўйишади. Оғзига нима келса, шуни ёзишади. Ахир, ижтимоий тармоқларни минглаб юртдошларимиз кузатиб боришади. Уларнинг орасида аёллар ҳам, ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Ахир улардан озгина бўлса-да, уялиш, тортиниш керак эмасми? Шу ўринда улуғ шоиримиз Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзлари ёдга тушади:
Олдига қўйганни емоқ ҳайвоннинг иши,
Оғзига келганни демоқ нодоннинг иши.

Ахир ўзбек оиласида улғайиб, тарбия кўрган кап-катта кишилар қандай қилиб, ўз постларида оғизга умуман олиб бўлмайдиган уятли ва ҳақорат сўзларни ишлатишади?! Ахир уларнинг ҳам ота-оналари, опа-сингиллари, фарзандлари бордир. Улар олдида уялиб, мулзам бўлиб қолишдан чўчимасмиканлар?
Айрим фейсбуг иштирокчилари бирон киши ҳақида гапирганларида ҳаддан даражада мақтовга зўр беришади. У одамга хос бўлмаган фазилат ва хислатларни зўрама-зўраки ёпиштиришга ҳаракат қилишади. Ахир каналдагилар ҳам анойи эмас. Ҳар қандай ортиқча мақтов, маддоҳлик уларнинг ғашини келтиради, ҳақиқатга соя солади.
Баъзилар эса ҳали ўзи яхши билмаган одамни бировлардан эшитган гапи туфайли шунчалик балчиққа қориб ташлайдики, ҳайрон қоласан. Бир кун келиб у киши оқланиб, айблари олиб ташланса, исботсиз айблаганнинг уялиб қолиши ҳеч гап эмас, ахир.
Бир куни сафарда бир киши билан суҳбатлашиб қолдим. Суҳбатимиз ижтимоий тармоқларга бориб тақалди. У киши “нима учун фейсбугга қатнашасиз” деган саволимга “шарҳ ёзиш учун” деб жавоб берди. Шунда “у кишининг ўзида бирон бир аниқ мақсад, фикр йўқ экан” деган ўйга бордим. Бу гапни фақат шу кишига эмас, кўпгина иштирокчиларга нисбатан ҳам айтиш мумкин.

Фейсбугда кўпинча касалликларга қарши ишлаб чиқилган дориларнинг рекламасига кўзингиз тушади. Ушбу рекламаларда чиққан шифокорларнинг айримлари ўз дориларини мақтаб, уни истеъмол қилган киши албатта дарддан бутунлай фориғ бўлишига кафолат беришади. Бу дорини оддий уй шароитида ҳам тайёрлаш мумкинлигига урғу беришади. Лекин гапларининг сўнггида дорини уй шароитда тайёрлаш мураккаб эканлиги, шунинг учун уни ўзлари лаботорияда, таблетка ёки капсулалар шаклида тайёрлашга мажбур бўлганларини айтишади.
Уларга қарата : “Эй оғайни, ҳозиргина нима деётгандингиз, энди эса нима деяпсиз” деб ҳайқиргинг келади. Улар гапларининг давомида агар дори кор қилмаса, ўз шифокорлик мақомларидан, йиллар давомида ўқиб олган дипломларидан ҳам воз кечишга шай эканларини айтишиб, қасам ичишади. Энг қизиғи, улар фармацевтика соҳаси ва аптека ходимларини аёвсиз танқид остига олишади. Уларнинг бу борада ишлаб чиқараётган ва сотаётган дорилари фақат касаллик аломатларини бартараф этишда фойдаси тегишини, лекин касалликнинг ўзини даволашга яроқсиз эканини айтиб ўтишади.

Шуниси қизиқки, каналда бу даъволарга қарши ёзилган бирон бир расмий муносабатни ҳали учратмадим. Бундан ташқари, реклама қилувчилар агар ишлаб чиққан дориларини аптекаларга беришса, у ердагилар жуда қимматга сотишларини иддао қилишади. Аммо уларнинг ўзлари белгилаган нархларни ҳам унча-мунчанинг чўнтаги кўтармайди.
Албатта, ижтимоий тармоқлар, жумладан фейсбугда юқорида келтирилган “пост” лардан ташқари, яхшилари жуда кўп. Вақти келиб, улар ҳақида ҳам сўз юритиш ниятимиз бор.
Туроб НИЁЗ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси
ЎзА