Ўзбекистон ва Жанубий Корея "ақлли" қишлоқ хўжалиги йўлида ҳамкорликни бошлади
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш борасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда.
Жанубий Кореянинг “DK EcoFarm Co., Ltd.” компанияси вакиллари Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишди.
Учрашувда Ўзбекистон шароитида қовун етиштиришда замонавий рақамли ва ақлли қишлоқ хўжалиги технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, суғориш ва ўғитлаш жараёнларини автоматлаштириш, экинларнинг ривожланиш ҳолатини замонавий технологиялар ёрдамида кузатиб бориш ҳамда уларни маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича фикр алмашилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот якунида томонлар “Ақлли қишлоқ хўжалиги: қўшма илмий-тадқиқотлар ва технологияларни оммалаштириш” йўналишида ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Мазкур келишув Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида аграр соҳадаги илмий-технологик алоқаларни ривожлантириш, янги ишланмаларни синовдан ўтказиш ҳамда замонавий агротехнологияларни амалиётга кенг жорий этиш учун мустаҳкам замин яратади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА