Иш берувчилар битирувчилар тайёргарлигини қандай баҳоламоқда?
Меҳнат бозоридаги ривожланиш ва талаблар доимий равишда ўзгариб бораётган бир шароитда, таълим муассасалари битирувчиларининг касбий тайёргарлиги ва амалий кўникмалари иш берувчилар эҳтиёжларига қанчалик мос келаётганини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада иш берувчиларнинг фикр ва таклифлари таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришда муҳим ўрин тутади.
Шу мақсадда битирувчилар тайёргарлигининг меҳнат бозори талабларига мувофиқлигини ўрганиш учун Умуммиллий иш берувчилар сўровномаси ўтказилди.

Сўровномада 14 та ҳудуддан 3 минг 775 нафар иш берувчи иштирок этиб, 169 та олий таълим муассасаси ва 591 та техникум битирувчиларининг тайёргарлигини баҳолади.
Сўровнома натижаларига кўра, олий таълим муассасалари битирувчилари тайёргарлигидан иш берувчиларнинг 86,8 фоизи, техникум битирувчилари тайёргарлигидан эса 65,1 фоизи қониқиш билдирган.
Шу билан бирга, амалий тайёргарликни кучайтириш зарурлигини олий таълим муассасалари бўйича иш берувчиларнинг 40,7 фоизи, техникумлар бўйича эса 53,7 фоизи қайд этган. Иш берувчиларнинг 45,2 фоизи тегишли олий таълим муассасалари билан доимий ҳамкорлик алоқалари йўқлигини билдирган.
Иш берувчилар фикрича, яқин 3–5 йилда сунъий интеллект, рақамли технологиялар, янги технология ва ускуналарни тез ўзлаштириш ҳамда креатив фикрлаш кўникмаларига талаб ортади.
Шунингдек, ишга қабул қилишда энг муҳим компетенция масъулият ва интизом бўлиши таъкидланган. Бу кўрсаткич олий таълим муассасалари битирувчилари учун 55,6 фоизни, техникум битирувчилари учун эса 59 фоизни ташкил этган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА