Жиззахда "Яшил макон" лойиҳасининг кузги мавсуми бошланди
"Яшил макон" лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда кузги кўчат экиш мавсуми қизғин давом этмоқда. Жиззах вилоятида минглаб дарахтлар экилиб, мамлакатнинг экологик келажаги учун муҳим қадамлар ташланмоқда.
Табиатга муносабат инсоннинг бугунги ҳаёти ва эртанги келажагини белгилайди. Шу боис мамлакатимизда экологик муҳитни яхшилаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Бугун ушбу ташаббус мамлакатимизнинг барча ҳудудларида изчил давом этмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида кузги кўчат экиш мавсуми аллақачон бошлаб юборилган. Айниқса, Бахмал, Зомин, Ғаллаорол ва Фориш туманларининг белгиланган ҳудудларида ишлар қизғин давом этмоқда.


Жараёнлар туман ўрмон хўжаликлари, ободонлаштириш бошқармалари ва экология бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Бунда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, яшил майдонлар кўламини кенгайтириш ва аҳоли учун соғлом экологик муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги Янгиобод маҳалласида яшил жамоат боғи барпо этиш ишлари бошланди. Бахмал ва Ғаллаорол туманларида эса таълим ва тиббиёт муассасалари, туман ҳокимликлари ҳудудларида кўчат экиш тадбирлари ўтказилди. Уларда туман ҳокимликлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ота-оналар, педагоглар ҳамда шифокорлар фаол иштирок этмоқда.


Айрим таълим масканларида “Дўстлик боғи” ва “Ота-оналар боғи” ташкил этилди. Бундай ташаббуслар ёш авлоднинг табиатга муносабатини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, экологик маданият оила ва таълим муассасасидан бошланади.
Хусусан, Зомин туманида “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсуми уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Тумандаги маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва ижтимоий соҳа муассасалари жараёнга жалб этилган. Ушбу ташаббусни тиббиёт ва таълим муассасалари ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳам қўллаб-қувватламоқда. Кўчат танлашда ҳудуднинг табиий хусусиятлари ҳисобга олинмоқда. Жумладан, маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос дарахт турлари сараланмоқда. Манзарали ва мевали кўчатлар йўл бўйларига ҳамда ташкилотлар атрофига экилмоқда. Янги барпо этилаётган яшил ҳудудлар ҳам ободонлаштириш ишлари билан қамраб олинган.


Мавсумнинг дастлабки амалий натижалари ҳам диққатга сазовор. Боғишамол ва Мустақиллик маҳаллаларидаги жами 5 гектар майдон ободонлаштирилди. Ушбу ҳудудларга 3 минг 300 туп турли хил дарахт кўчати экилди.
Бу кўрсаткичлар тумандаги кўкаламзорлаштириш ишларининг амалий ифодасидир. Бироқ экологик ташаббуснинг натижаси фақат экиш миқдори билан белгиланмайди. Экилган ҳар бир кўчатнинг кейинги тақдири ҳам муҳим ҳисобланади.


Шунинг учун Зоминда парваришлаш ва ўз вақтида суғориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўчатларнинг яшовчанлигини таъминлаш ишлари ҳам мавсумнинг муҳим вазифаларидан бири саналади. Бу ёндашув сарфланган меҳнат ва ресурслар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Дарахт экиш бир кунлик тадбир эмас, балки давомий масъулиятдир. Унинг самараси йиллар давомида парвариш ва эътибор билан намоён бўлади. Шу маънода, Зоминда бошланган ишлар ҳудуднинг экологик қиёфасини яхшилашга қаратилган. Бундай ташаббуслар аҳоли саломатлиги ва келажак авлод манфаатларига хизмат қилади.


Жиззах вилоятида бошланган кузги мавсум доирасидаги ишлар изчил давом эттирилади. Энг муҳими, бу жараёнда экиш билан бирга парвариш маданияти ҳам мустаҳкамланиши зарур. Чунки бугун қад ростлаган ҳар бир ниҳол эртанги яшил ҳаётнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири