Киберхавфсизлик соҳасида давлат сирларидан фойдаланишга рухсатнома бериш тизими такомиллашмоқда
Сенатнинг 21-ялпи мажлисида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 1-моддасига давлат сирларини сақлаш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
– Бугунги кунда давлат бошқаруви ва муҳим соҳаларда рақамли технологиялардан фойдаланиш кенгайиб бораётгани ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлаш, давлат сирларини ҳимоя қилиш ва кибертаҳдидларнинг олдини олиш масалаларининг аҳамиятини оширмоқда, - деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов. – Ахборотлаштириш ва муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини аттестациядан ўтказиш, ахборотни ҳимоя қилиш ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш воситаларини сертификатлаштириш, шунингдек давлат сирларидан фойдаланишга рухсат бериш билан боғлиқ муносабатларга “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун татбиқ этилмаслиги белгиланмоқда.

Сенат аъзолари маъқуллаган қонун давлат сирларини ҳимоя қилиш жараёнларини махсус қонунчилик асосида тартибга солиш, қонунчиликдаги ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этиш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА