Тошкентда Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирокида халқаро семинар бўлиб ўтди
Германия ва Марказий Осиё мутахассислари Тошкентда савдони кенгайтириш мақсадида муҳим семинарда йиғилди. Унда сифат инфратузилмаси ва келгуси ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳрида Германия Федератив Республикаси ҳукумати молиявий кўмагида Германия Физика-техника институти (PTB) ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Марказий Осиёда савдони кенгайтириш учун сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш» минтақавий лойиҳаси доирасида семинар бўлиб ўтди.
Ўтказилган нуфузли тадбирда Германия PTB институти вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг метрология, стандартлаштириш ва аккредитация соҳаларига масъул ташкилотлари вакиллари, жумладан, Ўзбекистон миллий метрология институти (UzNIM) мутахассислари иштирок этди.

Семинарнинг асосий мақсади минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аввалги лойиҳа натижаларини сарҳисоб қилиш ҳамда 2029 йилга қадар амалга ошириладиган янги босқич вазифалари ва умумий йўл харитасини белгилашдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, аввалги лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги қонунини такомиллаштиришга техник кўмак кўрсатилди. UzNIMнинг 10 та калибрлаш лабораторияси аккредитациядан ўтказилди, 30 нафардан ортиқ мутахассис хорижий етакчи институтларда малака ошириш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, сифат менежменти тизимларини халқаро стандартлар талаблари асосида ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Умумий қиймати 2 миллион еврони ташкил этувчи янги лойиҳа 2029 йил сентябргача давом этиб, билим ва тажриба алмашинуви, техник салоҳиятни мустаҳкамлаш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда рақамли ечимларни ривожлантириш каби устувор йўналишларни қамраб олади.
Мазкур ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сифат инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро савдодаги техник тўсиқларни камайтириш ва ўзаро савдо алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
ЎзА