Ҳафталик спорт мусобақалари билан бошланди
Самарқанд вилоятида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” тадбирлари бошланди.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилаётган ҳафталик тадбирлар доирасида “Ҳамжиҳатлик, дўстлик ва спорт – тараққиёт пойдевори!” шиори остида фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда уларнинг фаол аъзолари ўртасидаги спорт мусобақалари ташкил этилди.

Мини футбол, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича ўтказилган беллашувларда вилоятдаги давлат, жамоат ва диний ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этиб, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини намоён этдилар.
Жумладан, мини футбол беллашувларида Ўзбекистон Карлар жамияти вилоят бўлими биринчи ўринни, вилоят адлия бошқармаси вакиллари иккинчи ва “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Ҳафталик давомида вилоятдаги таълим муассасалари, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида нодавлат нотижорат ташкилотлари, миллий маданий марказлар вакиллари, жамоат ташкилотлари фаоллари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмарка савдосини ўтказиш, “Ўзбекистон – ягона уйимиз” фотосуратлари кўргазмаси ва концерт дастурини намойиш этиш режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири