Жиззахда 450 миллион сўмлик олтиннинг ноқонуний савдоси тўхтатилди
Жиззах вилоятида қимматбаҳо металларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Тезкор тадбирда 471 грамм ярим тайёр қуйма олтин ашёвий далил сифатида олинди.
Жиззах вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари махсус тадбир ўтказди. Унда Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари ҳам иштирок этди.
Бу ҳақда Жиззах вилоят божхона бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.


Тадбир давомида икки нафар фуқаро қўлга олинди. Улар 471 грамм оғирликдаги ярим тайёр қуйма олтинни 450 миллион сўмга сотмоқчи бўлган.


Қимматбаҳо металл белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Ҳозир ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири