Истеъдод, ишонч ва имкониятлар майдони
Ҳар бир боланинг ўзига хос қобилияти, орзу-интилишлари ва истеъдоди бор. Муҳими, уларни ўз вақтида кашф этиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароит ва тенг имкониятлар яратишдир.
Термиз шаҳридаги 26-умумтаълим мактабида “Мен ҳам шу Ватаннинг бунёдкориман” шиори остида ўтказилган “Сен истеъдодлисан” танловининг Сурхондарё вилояти босқичи ана шу эзгу мақсадга хизмат қилди.
Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ўртасида ташкил этилган ижодий беллашувда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 40 нафар ўқувчи иштирок этди. Улар санъатнинг турли йўналишларида ўз иқтидор ва маҳоратини намоён қилди.
Танлов давомида иштирокчиларнинг ижодий ишлари ва саҳна чиқишлари мутахассислар томонидан баҳоланди. Бунда ижро маҳорати, саҳна маданияти, бадиий ифода ва ижодий ёндашув каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди.
Якуний натижаларга кўра, эстрада-вокал ва анъанавий ижрочилик йўналишида Қизириқ туманидаги 23-умумтаълим мактаби ўқувчилари Шамшодбек Қўзимуродов ва Суҳроббек Бозоров ғолиб деб топилди.
Тасвирий санъат йўналишида эса Шеробод туманидаги 56-умумтаълим мактаби ўқувчилари Мухлиса Искандарова ва Жасмина Акрамова биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар ҳамда танловда фаол иштирок этган ўқувчилар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Тадбирда педагог ва мутахассислар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, уларни санъатга кенг жалб этиш ҳамда истеъдодини мунтазам қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
[gallery-32399]
“Сен истеъдодлисан” танлови ўқувчиларнинг ўз қобилиятларини намоён этиши, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаши, ижодий изланишларини давом эттириши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишга интилишини рағбатлантиришга хизмат қилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА