Тошкент шаҳар ҳокими бошчилигидаги делегация Сиэтлда қатор учрашувлар ўтказди
Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегация аъзолари АҚШнинг Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳрида бўлиб турибди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, юртимиз байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Сиэтл шаҳридаги бинолар ва иншоотлар мамлакатимиз Давлат байроғи рангларида ёритилди.

Тошкент ва Сиэтл 1973 йилда биродарлашган шаҳарларга айланган, орадан бир йил ўтиб эса Кэпитол-Хилл даҳасида “Тошкент” боғи барпо этилган. Бугунги кунда бу ерда маҳаллий аҳоли сайр қилади. “Тошкент боғи дўстлари” гуруҳи аъзолари эса боғни парваришлаб, унинг тарихини асраб-авайлаб келмоқда.

Делегация мазкур боққа ташриф буюриб, гуруҳ вакиллари билан учрашди. Ташрифнинг навбатдаги манзили 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг олтита учрашуви бўлиб ўтган “Lumen Field” стадиони бўлди. Арена мутахассислари бундай йирик миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш тажрибаси билан ўртоқлашди. Улар йирик спорт тадбирлари йил давомида мажмуанинг бандлигига таъсир кўрсатиши ҳамда аренанинг умумий тақвимида ўйинлар, бошқа спорт беллашувлари, фестиваллар, концертлар ва оилавий тадбирлар ўзаро қандай бирлашиши ҳақида гапириб берди.

Ташрифнинг маданий дастури доирасида Тошкент делегацияси Осиё жаҳон кинофестивали ташкилотчилари билан учрашди. Ҳамкасбларини Тошкент халқаро кинофестивалига таклиф этиш Тошкент делегацияси учун катта шараф бўлди. Сиэтлдаги учрашувларда, шунингдек, “Тошкент — фестиваллар шаҳри” ташаббуси доирасида пойтахтимизда фестиваль индустриясини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш ва халқаро тажрибани жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА