Истедодли журналист, танти инсон эди
Инсон умрининг ўлчови фақат яшаган йиллари билан белгиланмайди. Унинг ҳаётда қолдирган изи, эл-юрт хотирасида сақланиб қолган эзгу ишлари, яратган ижоди ва тарбиялаган шогирдлари билан ҳам ўлчанади. Бу маънода машҳур фотожурналист Тоҳир Ҳамроқуловнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ибратлидир.
Фотосурат — бу шунчаки бир лаҳзани тасвирга муҳрлаш эмас. Унда воқеанинг руҳи, инсоннинг ички кечинмалари, давр нафаси, тарихнинг муайян бир парчаси мужассам бўлади. Тоҳир ака ана шу ҳақиқатни яхши англаган ҳолда ижод қиларди.
У ижоди давомида ҳаётнинг турли манзараларини, инсонлар тақдирини, юртимиздаги ўзгариш ва янгиланишларни акс эттиришга ҳаракат қилди. У суратга олган ҳар бир тасвирда ижодкорнинг муносабати, кузатувчанлиги ва касбига бўлган меҳри сезилиб турарди.
Тоҳир Ҳамроқуловнинг яна бир муҳим фазилати — у фақат фотомухбирлик билан чекланиб қолмади. Замонавий ахборот маконида телевидениенинг ўрнини англаб, ўз ташаббуси билан «Бағдод ТВ»га асос солди. Бу ҳам унинг янгиликка интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва ўз ҳудудида ахборот муҳитини ривожлантиришга бўлган интилишидан далолат беради.
Айниқса, туман миқёсида телевидение ташкил этиш, унинг ижодий ва техник фаолиятини йўлга қўйиш осон иш эмас. Бунинг учун фидойилик, ташкилотчилик, қатъият ва энг муҳими, одамларга етказадиган гап бўлиши керак. Тоҳир ака ана шу масъулиятни ўз зиммасига олган инсонлардан эди. Унинг меҳнати муносиб эътироф этилгани, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига сайлангани, «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори бўлгани ҳам бежиз эмас.
Бугун Боғдодда Тоҳир Ҳамроқулов хотираси ва у асос солган “Vodiy TV”нинг 30 йиллиги муносабати билан анжуман бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг табриги ўқиб эшиттирилди ва совғалар тақдим этилди.
Анжуманда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси, “Халқ сўзи” – “Народноe cлово” газеталари раҳбар ва вакиллари, Андижон ва Наманган вилоятлари ижодкорлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
[gallery-32613]
– Тоҳир Ҳамроқулов нафақат истеъдодли ижодкор, балки ўз касбига бутун умрини бағишлаган, ҳаётга ўзига хос нигоҳ билан қарай олган, ҳар бир воқеа ва ҳодисанинг мазмун-моҳиятини фотообъектив орқали кўрсата билган инсон эди, – деди сўзга чиққанлар.
Экранда Тоҳир Ҳамроқулов ҳаёти ва ижодига бағишланган видеотасвирлар намойиш этилди. Иштирокчилар “Vodiy TV” фаолияти билан ҳам танишдилар.
Инсон бу дунёдан кетади, аммо, унинг меҳнати, эзгу амаллари, ижоди қолади. Айниқса, фотожурналистнинг тақдирида бу ҳақиқат янада яққол намоён бўлади. Чунки у ҳаётдаги лаҳзаларни келажак авлод учун сақлаб қолади. Бугун Тоҳир ака орамизда йўқ, аммо, у муҳрлаган лаҳзалар, яратган ижодий мерос ва яхши номлар биз билан ҳамиша бирга.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов,
ЎзА мухбирлари