Ўзбекистон – бағрикенг диёр
Наманган вилояти Давлатобод туманида «Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида қардош ва қўшни халқларнинг адабий меросига бағишланган китоб кўргазмаси ва давра суҳбати бўлиб ўтди. Кўргазмада 200 дан ортиқ китоб намойиш этилди.
«Янги Ўзбекистон — Ёшлар зиё маскани»да «Янги Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади» шиори остида ўтган тадбирда Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман бўлими вакиллари, нуронийлар, миллий маданий марказлар фаоллари, ижодкорлар ва ёш китобхонлар иштирок этди.
Китобхонлар ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва бошқа халқлар адибларининг асарлари билан танишди. Кўргазмадан насрий асарлар, шеърий тўпламлар ва тарихий китоблар ўрин олди.
Давра суҳбатида иштирокчилар ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда адабиётнинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
[gallery-32615]
Таъкидланганидек, турли халқларнинг адабиётини ўқиш орқали китобхон уларнинг тарихи, маданияти ва қадриятларини яқиндан англайди. Бу эса миллатлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА