Тошкент давлат транспорт университети “Women in Transport” халқаро тармоғига қабул қилинди
Филиппиннинг Манила шаҳри Осиё тараққиёт банки бош қароргоҳида "Women in Transport Network" халқаро тармоғининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, транспорт компаниялари ҳамда етакчи олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди, дейилади Транспорт вазирлиги маълумотида. Соҳада инклюзив транспортни ривожлантириш, хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги авлод кадрларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳим жиҳатлардан бири Тошкент давлат транспорт университети “Wоmеn in Transport Network” халқаро тармоғига қабул қилинган ягона олий таълим муассасаси бўлди.
Маълумот ўрнида, айтиш мумкинки, Women in Transport (WiT) Network – транспорт соҳасида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, уларнинг лидерлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда инклюзив транспорт тизимини ривожлантиришга қаратилган халқаро тармоқ ҳисобланади. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Европа инвестиция банки, OECD Халқаро транспорт форуми ҳамда GIZ кўмагида ташкил этилган.
Ушбу натижа университетда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, халқаро очиқлик ва замонавий транспорт таълимини ривожлантириш борасидаги ишларнинг амалий натижаси сифатида эътироф этилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА