Манзилли ёрдамлар кўрсатилмоқда
Тошкент вилояти Бўка туманида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этмоқда. Биргина "Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғинида ҳозир 1 минг 348 та оила ҳамда 1 минг 188 та хонадон мавжуд бўлиб, ҳудудда 125 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган.
Ҳудудда аҳолининг фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни жойида аниқлаш ва уларни индивидуал ёндашув асосида ҳал этиш мақсадида маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими жорий этилган. У орқали эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилиб, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Бу касб мен учун оддий иш эмас, балки юксак инсоний бурч ва масъулиятдир. Фаолиятим давомида инсонларнинг ҳаётига қувонч олиб кириш, уларнинг юзига табассум, қалбига эса умид уйғотиш имкониятига эга бўламан. Шу боис мен ўз касбимдан фахрланаман. Олдинда ҳали амалга ошириш лозим бўлган режаларимиз жуда кўп. Уларни ҳам белгиланган тартибда бажарамиз, —дейди Бунёдкор маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Диёра Каримова.
Йил бошидан буён бу маҳаллада 340 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган. Бу эса тизимнинг амалий самарадорлигини яққол намоён этмоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ижтимоий реестрда турувчи нафақадаги фуқаро Муҳаббат Мамадалиеванинг фарзанди I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган.Ушбу оилага ноябрь ойида бир марталик ҳамда 6 ойлик моддий ёрдамлар ажратилган. Шунингдек, санаторияга юбориш учун навбатга қўйилган. Ҳозирги кунда эса Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги "2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш, мослаштириш ва энергия тежамкорлигини ошириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий реестрга киритилган ёлғиз она Гулбаҳор Ғаниева ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Унинг қарамоғида уч нафар фарзанд бўлиб, фуқарога табиий газ ва электр энергияси харажатлари бўйича компенсация маблағлари ажратилган. Бундан ташқари, кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси тайинланган.
Маҳаллада амалга оширилаётган бу каби манзилли ва тизимли ишлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА