Тиббиётда митти беморлар жасоратига қанот бўлаётган янги лойиҳалар кўпаймоқда
Бола кулгиси – энг бебаҳо неъмат, келажакка бўлган умиднинг ёрқин ифодаси. Аммо шундай хасталиклар борки, улар кулгисига соя солади, митти қалбини азоблайди.
Болалар онкологияси – оғир хасталик. Қалбларни ларзага келтирувчи бундай ташхислар тиббиёт қанчалик ривожланмасин, янгидан-янги даволаш усуллари ўйлаб топилмасин, ҳамон ер юзидаги қанча-қанча болаларни ота-она бағридан жуда эрта айиради.
Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйлаб юз минглаб болаларда саратоннинг турли хиллари, хусусан, ўткир лейкоз, бош мия ўсмалари ва лимфомалар қайд этилади. Бу – ана шунча митти жонларнинг дарди, оилаларнинг кўз ёшлари ва умид билан боққан нигоҳлари дегани. Бироқ таскин берадиган жиҳатлар ҳам борки, илғор клиник амалиётлар жорий этилган мамлакатларда ўлим кўрсаткичлари йилдан-йилга кескин камаймоқда.
Тиббиёт тарихига назар ташласак, яқин ўтмишда ўсма касалликларига чалинган болалар учун шифо топиш амримаҳол ҳисобланар эди. Аммо замонавий фан ва технологияларнинг шиддат билан ривожланиши бу аччиқ ҳақиқатни бутунлай ўзгартириб юборди. Ҳозирги кунда эрта босқичда аниқланган болалар саратонининг аксарият турларини муваффақиятли даволаш мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи илмий марказларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, сўнгги ўн йилликлардаги ютуқлар туфайли ривожланган давлатларда болалар орасидаги ўсма касалликларидан соғайиб кетиш кўрсаткичлари ошди. Бу улкан ютуқ ген муҳандислиги, мақсадли терапия ва замонавий нурланиш аппаратларининг амалиётга кенг жорий этилгани билан бевосита боғлиқ.
Олимлар ҳар бир хавфли ҳужайранинг хусусиятини ўрганиб, соғлом тўқималарга зарар етказмасдан, фақат касалланган қисмга таъсир қилувчи дори воситаларини яратмоқда. Илмий лабораторияларда олиб борилаётган иммунотерапия тадқиқотлари эса организмнинг ўз ҳимоя кучларини саратонга қарши курашишга сафарбар этиб, бугунги кунда чинакам мўъжизаларни намоён этмоқда.

Мамлакатимизда ҳам болалар онкологияси йўналишида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2025 йил 19 майдаги «2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори бу борадаги ишларни янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқди. Мазкур муҳим ҳужжат ижроси доирасида болалар онкологияси хизматини ривожлантириш, эрта диагностика қилиш ҳамда беморларни замонавий дори-дармон ва юқори технологик даволаш усуллари билан тўлиқ таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Мазкур ишларнинг дебочаси сифатида дастлаб болалар гематологияси ва онкологияси катталар йўналишидан ажратилиб, алоҳида марказ сифатида ташкил этилди. Қашқадарё, Самарқанд, Андижон вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида филиаллар очилиб, ўз фаолиятини бошлади. 14 та ҳудудий даволаш муассасаси эса бирламчи ташхис қўйиш, ҳамроҳлик қилувчи терапия ва паллиатив ёрдамга ихтисослашган бўлимларга айлантирилди.

Касалликлар профилактикаси ва уни эрта босқичда аниқлаш ҳамда даволаш, замонавий жарроҳлик усулларини амалиётга татбиқ этиш бўйича сезиларли муваффақиятларга эришилмоқда. Қолаверса, марказнинг ҳудудий филиалларида бир қатор янги даволаш ва диагностика усуллари йўлга қўйилди.
– Яна бир муҳим жиҳат шундаки, илгари болалар кўп ўринли палаталарда даволанар эди, – дейди Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори Дилором Маҳмудова. – Бу эса иммунитети пасайган беморларда турли инфекциялар бир-бирига ўтишига сабаб бўлиб, даволаниш жараёнини қийинлаштирарди. Ҳозирги кунда эса ҳар бир бола учун зарур шароитлар яратилган: алоҳида палата, онасининг ёнида ётиб даволаниши учун қулайликлар мавжуд ҳамда бола ва она кунига беш маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Бундай замонавий шароитлар, албатта, шифохонада ички инфекциялар тарқалишининг олдини олади ва кичик беморларнинг тезроқ соғайиб кетишида муҳим омил бўлмоқда.
«Меҳрли мактаб» – «Замин» халқаро жамоат фонди кўмагида узоқ муддатли даволаниш жараёнларида болаларнинг таълим олишини таъминлашга қаратилган муҳим лойиҳа. Бу ерда бемор ўғил-қизлар мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим билан қамраб олиниб, ҳар бир ўқувчи учун саломатлик ҳолати, дастурни ўзлаштириш даражаси ва эмоционал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда индивидуал таълим йўналиши ишлаб чиқилган. Мактаб янги замонавий ўқув қуроллари, мебель ва техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланган. Таълим жараёнига педагоглар, психологлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилган. Бугунги кунда ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳузурида «Меҳрли мактаб»нинг тўққизта филиали фаолият кўрсатмоқда.

– «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси 2022 йилдан фаолият бошлаган бўлса, бунга қадар узоқ муддат даволанаётган болалар учун бундай шароитлар мавжуд эмас эди, – дейди ушбу таълим муассасаси мутасаддиси Нигора Алимова. – Эндиликда бемор болажонларимиз узоқ муддатли муолажаларни олиш билан биргаликда, таълим жараёнларини ҳам давом эттирмоқда. Улар мактабгача ва умумий ўрта таълим ҳамда тўгараклар билан қамраб олинган. Таълим-тарбия беришда, аввало, ҳар бир беморнинг руҳий ва жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб ёндашилади.
Шифокорларнинг тушунтиришича, болалардаги ушбу хасталикнинг ташқи омиллар таъсирида келиб чиқиши деярли учрамайди. Бу организм ўсиши вақтида ҳужайраларнинг нотекис ёки тасодифий бўлиниши билан боғлиқ. Бундай вазиятда имкон қадар тезроқ тиббий кўрикдан ўтиш ва эрта ташхис қўйиш бирдан-бир чорадир. Ўз вақтида қўйилган ташхис ва муолажалар касалликни эрта босқичда даволаш имконини беради. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг туб негизида ҳам ана шундай эзгу мақсад мужассам. Яъни, оғир хасталикка чалинган митти беморларни соғайиб кетишлари учун моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг оиласи ва ота-оналарини ёлғизлатиб қўймасликдир.

Яқинда, яъни 21-22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида давлат раҳбарлари, соғлиқни сақлаш соҳаси экспертлари ва халқаро ҳамкорлар иштирокидаги «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл» мавзусидаги Бутунжаҳон саммити доирасида ўтказилган Болалар онкологияси бўйича II халқаро конгрессда ҳам ана шулар муҳокама марказида бўлди. Конгресс болалар онкологик ёрдамини янада мустаҳкамлаш, ҳар бир болага ўз вақтида ташхис қўйиш, самарали даволаш, зарур дори воситалари ҳамда паллиатив ёрдамдан тенг фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
ЖССТ экспертлари таъкидлаганидек, болалар манфаатлари – доим биринчи ўринда турувчи масала. Ҳар бир бемор болани сақлаб қолиш, унга керакли ёрдамни кўрсатиш, азоб-уқубатларини камайтириш ҳамда даволаниш даврида ва ундан кейин ҳам ўқиш, ривожланиш ва тўлақонли ҳаёт кечириш имконини яратиб бериш – барчамизнинг вазифамиз. Шу боис болалар онкологияси соҳасидаги ёрдам ЖССТнинг болалар ва ўсмирлар саломатлиги ҳамда фаровонлиги бўйича стратегиясида алоҳида ўрин тутади.

Дарвоқе, Самарқандда оғир хасталикка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ тузилгани ҳам умидбахш ютуқ бўлди. Глобал тармоқ оғир ва ҳаёт учун хавфли, жумладан, онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш йўлида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун биринчи хонимлар ҳамда давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини бирлаштиради.
Шунингдек, халқаро миқёсдаги ушбу эзгу ташаббус юртимизда болалар онкологияси хизматини ривожлантириш, ҳаётий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир боланинг ўсиши ва ривожланиши учун шароит яратиш борасидаги ислоҳотларни жадаллаштиради.
Назаримда, тиббиётнинг сўнгги ютуқлари, давлат сиёсати даражасидаги эътибор, шифокорларнинг фидокорона меҳнати ва жамиятнинг бирдамлиги – улкан куч. Қалбида заррача бўлса-да меҳр, эзгу нияти бор инсон бу курашга ўз ҳиссасини қўшади. Ишончим комилки, изчил саъй-ҳаракатлар ва меҳр-муҳаббат туфайли бир кун келиб ер юзида саратон касаллигидан азият чекадиган бирорта ҳам бола қолмайди. Ҳар бир митти юрак фақат бахтдан, шодликдан дук-дук уриб туради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА