Иқлим ўзгаришига қарши кураш – келажак авлодлар олдидаги масъулиятимиз
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессиясида илгари сурган ташаббуслари экологик хавфсизлик, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари бугун нақадар долзарб эканини яна бир бор кўрсатди.
– Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда яшил иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш, зарарли чиқиндиларни камайтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида белгиланган мақсадлар алоҳида эътиборга молик, – дейди Ўзбекистон "Адолат" СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибай Қайпбергенов. – Ушбу ташаббус нафақат бугунги иқтисодий тараққиёт, балки келажак авлодлар учун соғлом ва хавфсиз атроф-муҳитни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимизнинг Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятга қаратаётган эътиборини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси иқлим ўзгариши, сув танқислиги, чўлланиш ва чанг-туз бўронлари оқибатларини бевосита ҳис қилиб келмоқда. Шу боис Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламаларни кенгайтириш, ҳудудда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва турмуш шароитини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар биз учун ниҳоятда муҳимдир.
Давлатимиз раҳбарининг келгуси йилдан бошлаб Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиши, шунингдек, Марказий Осиё иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббуси билан чиқиши минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Зеро, сув ва экология билан боғлиқ муаммолар давлат чегараларини тан олмайди. Уларни самарали ҳал этиш учун барча мамлакатларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, илмий ёндашуви ва амалий ҳамкорлиги зарур.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ҳам экологик хавфсизлик, аҳолининг соғлом муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик маданиятни юксалтириш масалаларига устувор йўналишлардан бири сифатида қарайди. Бу борада партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан аҳоли ўртасида экологик тарғибот ишларини кучайтириш, ҳудудлардаги экологик муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимига жамоатчилик эътиборини қаратиш катта аҳамиятга эга.
Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг изчил амалга оширилиши Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақамизнинг табиий салоҳиятини тиклаш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга ҳисса қўшади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири