Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида қандай ишлар амалга оширилади?
Бугунги кунда Андижон вилоятида 270 мингдан зиёд табиий газ ҳамда 495 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Истеъмолчиларга 5 минг 700 километр газ қувурлари орқали табиий газ ҳамда 800 мингдан зиёд маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан вилоятда ҳозирга қадар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида зарур ишлар олиб борилди. Жумладан, истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича аниқ режа-тадбирлар белгиланди. Бу борада қатор ишлар амалга оширилиб, мавсумга тайёргарлик ишлари якунига етказилди.
– Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида вилоят бўйича 24,5 километр газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган эди, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Ғуломжон Тўйчиев. – Амалга оширилган ишлар натижасида Андижон шаҳрида 7 километр, Андижон туманида 2 километр, Асака туманида 1,8 километр, Бўстон туманида 3,5 километр, Пахтаобод туманида 4,2 километр, Хўжаобод туманида 3,2 километр, Шаҳрихон туманида 2,8 километр, жами 24,5 километр узунликдаги газ қувури мукаммал таъмирланди.
[gallery-32503]
Жумладан, Шаҳрихон туманидаги “Қашқар” ва “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги диаметри Д-219 мм бўлган газ қувури мукаммал таъмирланди. Чунки 2 минг нафардан ортиқ аҳолини табиий газ билан таъминловчи ушбу тармоқда сўнгги йилларда газ сизиб чиқиш ҳолатлари кузатилаётган эди. Мазкур тармоқни мукаммал таъмирлаш куз-қиш мавсумига тайёргарлик дастурига киритилди. Тармоқнинг 2,8 километр қисми ер остида жойлашган бўлиб, йиллар давомида чириш, қувурга сув тўлиб қолиш ҳолатлари кузатилган. Бу эса аҳолини бир маромда газ билан таъминлашда қийинчиликларни юзага келтираётган эди. Ҳозирда тармоқни янгилаш ишлари якунига етмоқда.
Мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етгач, юқоридаги каби муаммоларга тўла барҳам берилди. Туманнинг “Қашқар, “Мустақиллик”, “Сарой”, “Пахтакўл” ва “Қўрғонча” МФЙлар ҳудудидаги 2 мингдан ортиқ истеъмолчининг табиий газ таъминоти янада яхшиланади.
Хўжаобод туманидаги “Мустақилликнинг 30 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидаги 84 та кўп қаватли уйда 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йиллар давомида ҳудуддаги тупроқнинг шўрлиги сабаб ер остидаги газ қувурида емирилиш ва коррозия ҳолатлари юзага келиб, газ қувуридан газ сизиб чиқиш ҳолатлари кузатилди ва таъминотда муаммолар келтириб чиқарди.
– Ўтган йилги куз-қиш мавсумида кўп қаватли уйлардаги айрим хонадонларга табиий газ етказиб беришда қийинчиликлар туғилди, – дейди “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлими муҳандиси Лочинбек Юсупов. – Газ сизиб чиқиш ҳолатларини бартараф этиш вақтида газ қувурлари текширилганда уларда чириш ҳолатлари кузатилган. Ўрганишлардан сўнг мазкур қувурлар мукаммал таъмирлаш дастурига киритилди.
Мазкур муаммони ҳал этиш учун тармоқнинг 3,2 километр қисмига диаметри Д-100 мм бўлган ер усти газ қувури тортилди. Ҳозирда мазкур таъмирланган тармоққа ҳар бир кўп қаватли уйларнинг ички тармоқлари уланмоқда. Бу ишлар якунланиши билан 3 минг нафардан ортиқ аҳоли яшаётган хонадонларга табиий газ етказиб берилиши яхшиланади.
Пахтаобод туманидаги “Маданият-1” автоматик газ тарқатиш шохобчаси туман марказидан 18-20 километр узоқ масофада жойлашганлиги сабабли табиий газ таъминотида, айниқса, куз-қиш мавсумида магистраль газ қувурларида табиий газ босими пасайиши, аҳоли хонадонларида узилишлар кузатилар эди. Ана шу муаммони ижобий ҳал этишда ҳудудга янги газ тармоғи тортилди.
Нодирабегим – Ҳабибий маҳаллалари йўналишида диаметри D-219 мм юқори босимли газ тармоғи тортилди ва мазкур тармоқ Уч кўза маҳалласидаги юқори босимли тармоққа уланди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг қурилиш-монтаж бошқармаси томонидан тортилган тармоқ натижасида туман марказидаги “Нодирабегим”, “Қўқонқишлоқ”, “Ҳабибий”, “Шомат”, “Юқори”, “Наврўз”, “Бобур” каби 7 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 3 мингга яқин аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти янада яхшиланишга эришилди.
Табиий газни етказиб беришда нафақат газ қувурлари, балки газ тарқатиш қурилмаларининг ҳам ўрни муҳим аҳамият касб этади. Шу кунга қадар вилоятдаги мавжуд 860 дона газ тарқатиш пунктлари соҳа ходимлари томонидан техник кўрикдан ўтказилди ва мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
Туманлардаги 30 та газ тақсимлаш пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди, уларнинг хизмат муддатлари янада узайтирилди. Шунингдек, куз-қишга тайёргарлик доирасида 153,6 километр узунликдаги газ қувури юқори босим остида синалди ва ҳаво босими ёрдамида тозаланди.
Соҳа ходимлари томонидан 203,9 километр ер усти газ қувурларини бўяш режалаштирилган бўлиб, амалда 237,9 километр узунликдаги қувурлар бўёқланди, эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди.
Жорий йилги мавсумга тайёргарлик жараёнида соҳа мутахассислари томонидан 859,4 километр узунликдаги ер ости газ қувурларининг ҳолатини махсус асбоб ёрдамида текширилиб, бу борадаги белгиланган режа ортиғи билан бажарилди.
Соҳа ходимлари томонидан мавсумга тайёргарлик доирасида маҳаллалар, меҳнат жамоаларида истеъмолчиларга куз-қиш даврида газ плиталари, қозонхона, камин, печь ва бошқа газ жиҳозларидан фойдаланишда уларнинг созлигини текшириш, хавфсиз ишлаши учун хонадонлардаги мўрилар ва шамоллатиш тизимини назоратдан ўтказиш, носоз газ қурилмаларини ишлатмаслик, табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Тарғибот тадбирлари ҳозирда ҳам давом эттирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш учун зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари