Аҳолини рўйхатга олиш якунлари: Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 39 миллион 47 минг нафардан ошди
Миллий статистика қўмитасида Ўзбекистонда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг якуний натижалари ҳамда улардан миллий ҳисоблар ва иқтисодий кўрсаткичларни шакллантиришда фойдаланиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, аҳолини рўйхатга олиш мамлакат аҳолисининг демографик хусусиятлари, ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва турмуш тарзи ҳақида ишончли ҳамда кенг қамровли маълумотларни шакллантиради. Аҳолининг таълим даражаси, оилавий ҳолати, миллий ва тил таркиби каби қатор кўрсаткичларни тўлиқ ва тизимли равишда айнан ялпи рўйхатга олиш орқали олиш мумкин.
[gallery-32505]
Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида “ўзини ўзи белгилаш тамойили”га амал қилинади. Халқаро амалиётга мувофиқ, маълумотлар тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда, респондентларнинг ўзлари тақдим этган жавоблар асосида қайд этилади. Бунда фуқаролиги, доимий рўйхатдан ўтганлиги, турар жойга эгалиги ёки муайян яшаш жойига эга эмаслигидан қатъи назар, рўйхатга олиш мезонларига жавоб берувчи аҳоли қамраб олинади.
Шу боис рўйхатга олиш натижаларидаги айрим кўрсаткичлар маъмурий маълумотлардан фарқ қилиши мумкин. Бу маълумотларни шакллантириш манбалари, қамрови, ҳисобга олиш санаси ва қўлланилган усулларнинг ўзига хослиги билан изоҳланади. Рўйхатга олиш натижалари амалдаги ҳисобларни аниқлаштириш, маълумотлар қамровини кенгайтириш ва аҳоли ҳақида янада тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга хизмат қилади.
Тадбир давомида аҳолини рўйхатга олишнинг асосий натижалари хусусида маълумотлар берилди. Хусусан, 2026 йил 15 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 47 минг 321 кишини ташкил этди. Бу 2026 йил 1 январь ҳолатига аҳоли сонининг жорий ҳисобидан 810,6 минг киши ёки 2,1 фоизга кўп. Фарқ аҳоли сонини туғилиш, ўлим ва миграция бўйича маъмурий маълумотлар асосида юритилган жорий ҳисобни ялпи рўйхатга олиш натижалари билан аниқлаштириш орқали юзага келган.
Аҳолининг 50,6 фоизини эркаклар, 49,4 фоизини аёллар ташкил этди. Шаҳар жойларда 21 276,7 минг киши ёки жами аҳолининг 54,5 фоизи, қишлоқ жойларда эса 17 770,6 минг киши ёки 45,5 фоизи истиқомат қилади. Меҳнатга лаёқатли ёшдагилар улуши 55,7 фоизни, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар 32 фоизни ва меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар 12,3 фоизни ташкил этди.
15 ёш ва ундан катта аҳолининг 90,7 фоизи камида умумий ўрта маълумотга эга. Шундан, олий ва олий таълимдан кейинги маълумотга эга бўлганлар — 3 271,1 минг киши, ўрта махсус ва касб-ҳунар маълумотига эга бўлганлар — 9 737,2 минг киши, умумий ўрта маълумотга эга бўлганлар эса 11 626,5 минг кишини ташкил этди.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилган ялпи қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунларига кўра, 7,6 миллион қишлоқ хўжалигига оид ҳисобга олиш бирлиги қайд этилди. 2025 йилда уларнинг фойдаланишидаги умумий ер майдони 42,5 миллион гектарни, бир йиллик экинлар экилган майдон 4 213,5 минг гектарни, мевали боғлар ва токзорлар майдони эса 613 минг гектарни ташкил этди. 2026 йил 15 январь ҳолатига йирик шохли қорамоллар 12 235,4 минг бош, қўй ва эчкилар 23 091,7 минг бош, паррандалар 120 898,7 минг бошни ташкил этди. Янгиланган маълумотлар ер ва экин майдонлари, чорвачилик, ўрмон ва балиқчилик фаолиятини тўлиқроқ баҳолаш имконини берди.
Таъкидланганидек, Миллий статистика қўмитаси аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари, корхона ва ташкилотлар бўйича янгиланган йиллик ҳисоботлар ҳамда такомиллаштирилган статистик кузатувлар асосида 2017–2025 йиллар учун ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ва чораклик кўрсаткичларини қайта ҳисоблади. Ҳисоб-китоблар БМТнинг Миллий ҳисоблар тизими стандартлари ва халқаро экспертлар тавсиялари асосида амалга оширилди.
Қайта ҳисоблашдан мақсад иқтисодий фаолиятни тўлиқроқ қамраб олиш, янги маълумотларни миллий ҳисобларга киритиш ва йиллар бўйича кўрсаткичларнинг таққосланувчанлигини таъминлашдан иборат. Шу боис янгиланган натижалар бир йилда қўшимча аҳоли, уй-жой ёки маҳсулот пайдо бўлганини эмас, аввалги баҳоларнинг янги ва батафсил маълумотлар асосида аниқлаштирилганини англатади.
Гулноза Бобоева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА