Табиатни тиклашга сармоя: Ўзбекистоннинг янги экологик ташаббуслари
Улан-Баторда чўлланишга қарши кураш бўйича ташкил этилган “COP17” конференцияси доирасида Ўзбекистон Миллий павильонида “Инвестициялардан натижаларга” мавзусида параллел тадбир ўтказилди.
Унда деградацияга учраган ерларни тиклаш, иқлимга чидамлиликни ошириш, экологик ечимларни кенг жорий этиш ва бу йўналишларга инвестицияларни самарали жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Халқаро биошўрланган қишлоқ хўжалиги маркази (ICBA) бош директори доктор Тарифа Алзааби, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — Green University ректори профессор Бахтиёр Пўлатов, ICBA CAC постдокторанти доктор Марғуба Режапова ҳамда бошқа мутахассислар иштирок этди.

Мулоқотда Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистон тажрибаси мақсадли инвестициялар алоҳида лойиҳа доирасидан ташқарида ҳам узоқ муддатли самара бериши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, 2023 йилда Абу-Даби тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган 5,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ҳисобидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ICBA билан ҳамкорликда Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширди.

Лойиҳа доирасида учта кўргазма майдони ташкил этилиб, иқлимга чидамли экинлар синовдан ўтказилди. Шунингдек, тупроқ ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини оқилона бошқариш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилди. Дастлабки лойиҳа кейинчалик технология ва билимларни кенг кўламда узатиш тизимига айланди. 2025–2026 йилларда дастур Қорақалпоғистоннинг барча 15 туманида 4 144 нафар фермерни қамраб олди. Ишлаб чиқарилган ва тарқатилган сифатли уруғликлар ҳажми эса 20,9 тоннадан ошди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва ICBA ҳамкорлигини янада кенгайтириш концепцияси ҳам тақдим этилди.
Хусусан, Green University негизида “Марказий Осиё биотузли қишлоқ хўжалиги ва иқлим барқарорлиги маркази” — CABACRHни ташкил этиш таклиф қилинди. Мазкур марказ дала лойиҳалари, лаборатория тадқиқотлари, кадрлар тайёрлаш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш жараёнларини бирлаштириши кўзда тутилмоқда. Ташаббуснинг муҳим йўналишларидан бири қиймати 5 миллион доллар бўлган спирулина тадқиқотлари лабораториясини ташкил этишдир. Лабораторияда микроалгалар, сув ресурслари ва шўрланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, талабалар, тадқиқотчилар ва фермерларни ўқитиш учун зарур инфратузилма яратилади.

Деградацияга учраган ерларни тиклаш соҳасида инвестиция учун тайёр лойиҳаларни шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Green University ҳузурида “Қурғоқчил ерлар” лойиҳалар лабораторияси — Drylands Project Lab’ни ташкил этиш таклиф қилинди. Унда лойиҳалар бошланғич кўрсаткичлар, бюджет, экологик ва ижтимоий кафолатлар, асосий самарадорлик кўрсаткичлари ҳамда эҳтимолий молиялаштириш манбалари ҳисобга олинган ҳолда тайёрланади. Ташаббус доирасида илк халқаро гуруҳни 2027 йилда Марказий Осиё, Мўғулистон ва қурғоқчил иқлимга эга бошқа ҳудудлар мутахассислари иштирокида шакллантириш таклиф этилмоқда.
Тадбирда ерларни тиклаш сифати бўйича минтақавий стандарт ва мониторинг, ҳисобот ҳамда верификация — MRV тизимини ишлаб чиқиш таклифи ҳам илгари сурилди. Бунда фақат тикланган ер майдони эмас, балки ўсимлик қопламининг тикланиши, тупроқ ҳолати, сув баланси, унумдорлик ва ижтимоий-иқтисодий натижалар ҳам баҳоланади. Дастлабки босқичда ушбу стандартни ерларни тиклаш бўйича 5–10 та лойиҳада синовдан ўтказиш таклиф қилинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА