Мақсад – Сўхнинг электрга эҳтиёжини ўзида қоплаш
Сўх туманида 15 мегаватт қувватга эга йирик ГЭС барпо этилмоқда. Қиймати 41 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа ишга туширилгач, туманда электр қувватига бўлган эҳтиёжнинг қарийб 70 фоизи қопланади.
Айни пайтда ГЭС канали ички ва ён қисмларини текислаш ҳамда мустаҳкамлаш ишлари бажарилмоқда. Ҳудудда бетонлаш ишлари жадал давом эттириляпти.

Қурилиш жараёнларига 80 та турли русумдаги махсус техника жалб этилган. Шунингдек, ҳудуддаги ишсиз фуқаролар, жумладан, меҳнат миграциясидан қайтган ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


– Мақсадимиз –Сўх аҳолиси ва тадбиркорларининг электр қувватига эҳтиёжини шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилган қувватлар билан қоплаш, – дейди туман ҳокими Саидбаҳром Саидмусаев. – Бунинг учун ГЭСдан ташқари муқобил энергия – қуёш ва шамолдан олинадиган қувватлар улушини ҳам кўпайтирамиз.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА