Болалар хурсанд бўлишди
Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун байрам тадбири ташкил этилди. “Мустақиллик совғаси: меҳр, ишонч ва табассум” шиори остида ўтказилган тадбирга жазо муддатини ўтаётган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган, афв этилган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.
Тадбирда қарийб минг нафар болажон иштирок этди.
Байрам дастурининг дастлабки манзили Қарши шаҳридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бўлди. Болалар бу ерда юртимиз мустақиллиги ва озодлиги йўлида курашган, жон фидо этган аждодларимиз ҳаёти ва тақдири, тарихий воқеалар ҳақида маълумотларга эга бўлди. Музейдаги экспозициялар орқали халқимизнинг оғир ва мураккаб тарихига оид далиллар билан танишдилар.

Шундан сўнг болажонлар учун Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида маданий-маърифий дастур ташкил этилди. Театр саҳнасида спектакль намойиш қилиниб, болаларга байрамона кайфият улашилди.

– Бугунги тадбир давлатимизнинг “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди”, деган эзгу тамойилининг амалдаги ифодаси бўлди. Жамият ва давлат томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор фарзандларимизнинг порлоқ келажагига хизмат қилиши баробарида, оилавий тотувлик ва меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Лола Саодатова.

Тадбир давомида болалар учун турли кўнгилочар дастурлар, маданий тадбирлар ва байрамона совғалар ҳам ташкил этилди.
Эътиборлиси, бундай тадбирлар болаларга оддий байрам кайфияти улашиш билан чекланмай, уларда Ватанга муҳаббат, тарихга ҳурмат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қашқадарё вилоятида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлашга қаратилган меҳр-саховат тадбирлари давом этмоқда.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири