Ўзбекистон ва Қирғизистон: судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик ривожланади
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Маҳмудова Қирғиз Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Нурлан Мусаев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Меҳмонларга сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда улар туфайли одил судлов соҳасида юз бераётган катта ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги "Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгиланган “Рақамли суд” концепцияси асосида суд ишларини электрон кўринишда юритиш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 августдаги "Одил судлов - 2030": Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида"ги фармонида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Учрашув якунида одил судлов соҳасини янада такомиллаштириш, судлар фаолиятини рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича фикр алмашилди.

Меҳмонлар Олий суд тарихи музейи билан ҳам танишди.
Н.Абдураимова,
ЎзА