Мустақиллик — озод ва фаровон ҳаёт асоси
Мустақиллик бу, аввало, халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, миллий қадриятлари, тили, тарихи ва маънавий меросини эркин асраб-авайлаши, келажагини ўз қўли билан бунёд этиш ҳуқуқидир.
Ҳар бир инсон учун Ватан тушунчаси муқаддас. Ватан тинч бўлса, хонадон тинч бўлади. Юрт осойишта бўлса, фарзандлар хотиржам таълим олади, тадбиркор ўз ишини ривожлантиради, деҳқон ерга уруғ қадайди, олим илмий изланиш қилади, устоз ёшларга илм беради. Шу маънода, мустақилликнинг энг буюк неъматларидан бири — тинчлик ва осойишталик.
Бугун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ортга назар ташлар эканмиз, истиқлол йилларида босиб ўтилган мураккаб ва шарафли йўл, эришилган улкан натижалар, халқимиз ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар кўз ўнгимизда яққол намоён бўлади.
Мустақилликни биз фақат давлатнинг сиёсий эркинлиги сифатидагина эмас, балки инсон қадри улуғланадиган, илм ва маърифатга кенг йўл очиладиган, миллий ва диний қадриятлар тикланадиган, халқ ўз орзу-интилишларини эркин амалга оширадиган буюк неъмат сифатида тушунамиз.
Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилди, мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилди.
Ўзбекистон халқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлувчи улкан ютуқларни қўлга киритди. Мустақиллик халқчил ва демократик тамойилларга асосланган давлат, инсон қадри устувор бўлган эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш имконини берди.
Ўтган ўттиз беш йил озод Ватанимиз учун том маънодаги уйғониш, тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Иқтисодиёт, илм-фан, маданият, маърифат, маънавият, демократик жамият қурилиши ва бошқа соҳаларда мислсиз ютуқлар қўлга киритилди. Айниқса, охирги йилларда барча соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар шиддатли тус олди.
Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, демократик янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Ўтган давр эркин ва фаровон ҳаётни, буюк келажакни фақат ва фақат мустақиллик асосидагина қуриш мумкинлигини кўрсатди.
Юксак сиёсий ирода туфайли Ўзбекистон дунёга, дунё Ўзбекистонга очилди. Айниқса, минтақа давлатлари билан музлатилган муносабатларга илиқлик кирди. Йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар ҳал этилди. Бунинг натижасида Марказий Осиё давлатлари билан барча соҳалардаги алоқаларимиз янги босқичга чиқди.
Ўзбекистоннинг дунёга очилиши ва шаффоф, прагматик сиёсат минтақа ташқи сиёсатидаги векторларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Ҳозирги кунда қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалдаги сиёсатимизни дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди. Кейинги тўққиз йил ичида минтақанинг юрагида жойлашган мамлакат – Ўзбекистоннинг ўзгаргани, қўшнилар, қолаверса, дунё ҳамжамияти билан очиқ сиёсат юритишга ўтгани ҳисобига юз бераётганини барча кўриб, ҳис қилиб турибди.
Бу йилги байрамнинг бош ғояси — “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу чақириқда ўз ифодасини топган. Ушбу шиор Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳиятини, халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари ва ягона мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлигини ўзида мужассам этади.
Мустақиллик — бу фақат тарих саҳифаларига муҳрланган буюк сана эмас, балки ҳар бир авлод зиммасига юкланган юксак масъулиятдир. Уни кўз қорачиғидек асраш, янада мустаҳкамлаш, Ватанимиз қудрати ва фаровонлигини юксалтириш ҳамда келгуси авлодларга янада обод, тинч ва тараққий этган мамлакатни мерос қилиб қолдириш барчамизнинг шарафли бурчимиздир.
Зокир МАРКАЕВ,
Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университети
Педагогика факультети декани
Фалсафа фанлари номзоди, доцент
ЎзА