Суюлтирилган газ тақсимоти – қатъий назоратда
Наманганда аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, газ баллонларини белгиланган меъёр ва муддатларда етказиб бериш ҳамда тақсимот жараёнида хавфсизликни таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур жараёнларда “Ҳудудгаз таъминот” акциядорлик жамиятининг “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан “LPG-Trade” Наманган бўлими ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ҳудудий вакиллари билан ҳамкорликда иш ташкил қилиняпти.

Ҳамкорлик доирасида вилоятдаги газ тўлдириш шохобчалари ва сақлаш объектларида назорат кучайтирилиб, суюлтирилган газ ташувчи махсус автотранспорт воситаларининг ҳаракати, баллонларнинг белгиланган манзилларга тўлиқ етказилиши ҳамда аҳолига тарқатиш жараёнлари кузатиб борилаётир.

Қолаверса, моддий бойликларнинг талон-торож қилиниши, ноқонуний ҳолатлар ва хавфсизлик талабларининг бузилишига йўл қўймаслик юзасидан профилактик чоралар кўрилмоқда.

– Бундай идоралараро ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад – суюлтирилган газ тақсимотида шаффофлик ва тартибни таъминлаш, мавжуд ресурсларни асраш ҳамда вилоят аҳолисининг газ таъминотига бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондиришдан иборат, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директорининг ўринбосари Муроджон Хўжаев.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Наманган вилоятида умумий газ истеъмолчиларининг 67 фоизи, яъни 477 мингга яқини суюлтирилган газ истеъмолчилари ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида вилоят бўйича 56,4 минг тонна иккиламчи ёқилғи тури етказиб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири