Давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири
Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаётда йўл қўйган хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш — инсонпарвар давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Айниқса, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви учун зарур шарт-шароит яратиш бу борада алоҳида аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Омбудсманнинг Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили Абера Ҳусейнова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти 6-минтақавий ҳудуд мувофиқлаштирувчи маркази бошлиғи Икромжон Шеров ўртасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 ноябрдаги “Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар, устувор йўналишлар ва ўзаро ҳамкорлик механизмлари белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, жазони ўташ жараёнида инсоннинг ҳуқуқларини таъминлаш билан бирга, унинг озодликка чиққанидан кейинги ҳаётига ҳам бефарқ бўлмаслик муҳимдир. Зеро, жазони ижро этиш муассасасидан озод бўлган шахснинг жамиятга қай даражада мослашиши, меҳнат фаолиятини йўлга қўйиши ва ижтимоий муҳитда ўз ўрнини топиши нафақат унинг шахсий тақдири, балки жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва барқарор ижтимоий муҳитни таъминлаш билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, Омбудсман институти ва жазони ижро этиш тизими ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни озодликка тайёрлаш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда озодликка чиққанидан кейин ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув якунида белгиланган вазифалар ижросини ҳамкорликда таъминлаш, бу борадаги ишларни изчил давом эттириш ва амалий натижадорликни ошириш бўйича келишиб олинди.
Зеро, инсонга янги ҳаёт бошлаш имконини бериш, уни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида қайта шаклланишига кўмаклашиш — инсонпарварликнинг энг муҳим кўринишларидан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири