Синовдан ўтказилмоқда
Жиззах шаҳридаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билимларини мустаҳкамлашга қаратилган интеллектуал беллашувлар белгилаган жадвал асосида мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизматининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мазкур ташаббусни белгиланган жадвал асосида амалга оширмоқда. Унда ўқувчиларнинг йўл белгилари, ҳаракатланиш тартиби ва хавфсизлик талабларига оид билимларини оширишга эътибор қаратилган.

Хусусан, шаҳардаги 6-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчилари иштирокида «Йўл ҳаракати қоидалари билимдони» интеллектуал ўйини ташкил этилди. Унда тўртта жамоа саволларга жавоб бериш ва йўл белгиларини тўғри жойлаштириш шартлари бўйича беллашди.

Якунда ғолиблар ва рағбатлантирувчи номинациялар соҳиблари вилоят ЙҲХБ нинг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Йўл ҳаракати қоидаларини билиш фақат ҳайдовчилар учун эмас, ҳар бир пиёда учун ҳам зарур. Айниқса, болаларнинг кўчада ўзини хавфсиз тутиши, йўлни белгиланган жойдан кесиб ўтиши ва ҳаракат хавфсизлиги талабларига амал қилиши ҳаётий аҳамиятга эга.

Бу борада ота-оналарнинг шахсий намунаси, педагогларнинг тушунтириш ишлари ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, болаликдан шаклланган йўл ҳаракати маданияти инсоннинг бутун умри давомида ўз хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири