Қўшимча 120 ўрин ва замонавий шароитлар яратилди
Болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун яратилаётган имкониятлар маҳаллалар қиёфаси ва оилалар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлмоқда.
Мактабгача таълим — боланинг келажакдаги камолоти, дунёқараши ва шахсий қобилиятлари шаклланадиган муҳим босқич. Шу боис юртимизда ушбу тизимни ривожлантириш, таълим муассасалари инфратузилмасини яхшилаш, болалар қамровини кенгайтириш давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилмани янгилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилаётган эътибор Когон туманида ҳам амалий натижалар бераётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда қатор ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда замонавий талабларга мослаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар самарасини “Баҳоуддин Нақшбанд” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги ойларда муассасада амалга оширилган капитал реконструкция натижасида мавжуд 120 ўринли боғча қуввати икки баробарга оширилиб, яна 120 нафар болани қамраб олиш имконияти яратилди.

Лойиҳа доирасида пудратчи “Когон қурилиш монтаж таъмир” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қўшимча икки қаватли замонавий бино барпо этилди. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 5 миллиард сўм йўналтирилди. Натижада муассасанинг умумий сиғими 240 ўринга етказилиб, болажонлар учун кенг ва қулай таълим-тарбия муҳити яратилди.
Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги, таълим соҳаси масъуллари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари ва ота-оналар иштирок этишди. Сўзга чиққанлар қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, айниқса, мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш ва мавжудларини замонавийлаштириш болаларнинг таълим олиши билан бирга, ота-оналар учун ҳам қўшимча қулайликлар яратаётганини таъкидладилар.
Икки қаватли, замонавий меъморий қиёфа касб этган муассасада болаларнинг ёши ва қизиқишларига мос машғулот хоналари, ўйин майдончалари, ётоқхона, ошхона ташкил этилган. Санитария-гигиена талаблари, иситиш тармоғи ва зарур жиҳозлар ҳам тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Эътиборлиси, муассаса фаолиятини йўлга қўйиш орқали йигирмадан ортиқ тарбиячи ва бошқа ходимлар меҳнат фаолиятига жалб этилган.

Бу каби лойиҳаларнинг аҳамиятини фақат бунёд этилган бино ёки қўшимча ўринлар билан баҳолаб бўлмайди. Аввало, мактабгача таълим қамровининг кенгайиши маҳалладаги кўпроқ оиланинг фарзандини сифатли таълим-тарбия билан қамраб олиш, болаларнинг мактабга тайёргарлигини яхшилаш имконини беради. Шу билан бирга, янги иш ўринларининг яратилиши ҳам маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тадбирда рамзий лента қирқилгач, иштирокчилар муассасада болалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шу куни маҳалла фаоллари, ота-оналар ва туман жамоатчилиги вакиллари иштирокида боғча ҳудудига манзарали дарахт кўчатлари ҳам экилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири