Сув таъминоти иншоотида фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ҳолати синовдан ўтказилди
Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳамда “Навоий сув таъминоти” АЖ ҳамкорлигида Кармана туманидаги “Уйрот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Навоий сув ишлаб чиқариш иншоотида махсус-тактик ўқув машқи ташкил этилди.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш объектларида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда бундай ҳолатларда тезкор ва самарали ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, фаолиятида кучли таъсир этувчи заҳарли моддалардан фойдаланиладиган объектларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, ишчи-ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

– “Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги” йўналишида ўтказилган мазкур машқнинг асосий мавзуси кучли таъсир этувчи заҳарли модда – хлорнинг атроф-муҳитга тарқалиши ва жабрланган ишчи-ходимни қутқаришдан иборат бўлди, – дейди ҳудудий инспекция бош мутахассиси Нодиржон Жўраев. – Ўқув машқининг асосий мақсади хлор сақлаш омборидаги суюқ хлор контейнеридан модда сизиб чиқиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, жабрланган ишчи-ходимни қутқариш, шунингдек, ходимларнинг бундай ҳолатларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Белгиланган режага мувофиқ, ўқув машқи битта ўқув нуқтасида ташкил этилиб, унда ишчи-ходимлар ва масъул мутахассисларнинг амалий ҳаракатлари синовдан ўтказилди. Машқ жараёнида хлор сақлаш омборида заҳарли модданинг ҳавога тарқалиши билан боғлиқ шартли фавқулодда вазият юзага келтирилди.

Иштирокчилар томонидан вазиятни аниқлаш, хавфсизлик чораларини кўриш, фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш ва жабрланган ишчи-ходимни қутқариш бўйича белгиланган ҳаракатлар амалий тарзда бажарилди. Натижада шартли равишда юзага келтирилган хлор тарқалиши билан боғлиқ фавқулодда вазият бартараф этилди ҳамда жабрланган ходим қутқариб олинди.

Ўқув машқи якунида иштирокчилар ва кузатувчилар билан савол-жавоблар ўтказилиб, машғулот давомида йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликларни келгусида бартараф этиш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларга доимий шай ҳолатда бўлиш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири